Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган «Янгиобод ихтисослашган бозори» МЧЖнинг масъул ходимларидан бири тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога бозорнинг харидорлар гавжум бўладиган ҳудудидан савдо дўкони олиб бериш эвазига 10.000 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 8.500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўтган апрель ойида эса «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ директори, унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ҳамда АТ «Халқ банки» Учтепа туман филиалининг «Фарҳод деҳқон бозори»га хизмат кўрсатувчи кассири билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланган эди.
Яъни, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2021 йил 19 февралдаги 203-сонли «Элга хизмат» ва «Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари» савдо нуқталаридан бир марталик йиғимлар ва ижара тўловлари олинмаслиги ҳақидаги қарорига зид равишда, маҳаллий тадбиркорни бозордан чиқариб юбориш билан қўрқитиб, 2021 йилнинг октябрь ойи охирларидан 2022 йилнинг февраль ойига қадар ундан бозорда савдо фаолияти олиб бориши эвазига ҳар куни 66 минг сўмдан пул маблағи олиб келишган.
Шунингдек, улар тадбиркордан жорий йилнинг февраль-март ойлари учун 3 млн. 400 минг сўм тўлов қилишини талаб қилишган.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Халқ банки»нинг Учтепа туман филиали «Фарҳод деҳқон бозори»га хизмат кўрсатувчи кассири ўз хизмат хонасида сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, унинг ёнида кунлик тушумдан инкассация қилинган 8 млн. 300 минг сўм ва инкассация қилинмаган 9 млн. 150 минг сўм пул маблағлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давомида «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ директори ҳамда унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ҳам ушланиб, директор ўринбосарининг автомашинасида бўлган 24 млн. 967 минг сўм пул маблағи ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.