Тошкент шаҳрида яшовчи, 1978 й.т. шахс муқаддам Туризм ва спорт вазирлигида бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган даврида ўзганинг номига масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, мазкур МЧЖга 2016 йил Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидан 16 гектар ер майдони ажратилишига муваффақ бўлади.
Таъкидлаш лозимки, ушбу ер майдони МЧЖга боғ барпо этиш ва ободонлаштириш шарти билан 30 йил муддатга ижарага берилган бўлсада, МЧЖ томонидан амалда ҳеч қандай иш бажарилмайди.
Шу сабабли туман ҳокимлигининг суд идораларига қилган мурожаатидан сўнг, жорий йилнинг июнь ойида 16 гектар ер ҳокимлик захирасига қайтарилади.
Лекин, шунга қарамасдан МЧЖнинг юқорида қайд этилган норасмий раҳбари ўзининг 1965 й.т., муқаддам судланган жиноий шериги билан биргаликда ушбу ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 5 млн АҚШ доллари талаб қилишади.
ДХХннг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ички ишлар бош бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар кимсалар олдиндан 200 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Самарқанд шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган хусусий тадбиркор адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи қариндоши билан келишган ҳолда Пастдарғом туманининг “Дўстлик” массиви ҳудудида иссиқхона қуриш учун ўзининг номига ажратилган 1 гектар ер майдонини ҳокимият идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 200 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пулдан 190 минг долларини олган вақтларида ушланди.
ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида Риштон туманида яшовчи, 1972 й.т. фуқаро 60 сотих ер майдонини ноқонуний равишда 100 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/RCiHKgaovRI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Аниқланишича, мазкур ер майдони 2016 йил Риштон тумани ҳокимининг қарорига асосан фермер хўжаликларидан бирига боғдорчилик ташкил этиш учун ажратиб берилган.
Сурхондарё вилоятидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалигининг мансабдор шахсларидан бири икки нафар хорижий тадбиркорга мазкур хўжаликнинг коврак ва писта етиштириладиган 4 минг гектар ер майдонини ижара асосида фойдаланиш учун ажратиб бериш эвазига улардан 40 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг долларини олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланди.
Аниқланишича, мазкур мансабдор шахс ушбу ер майдонини ижарага бериш учун зарур бўладиган ҳужжатларни Республика ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидаги танишлари орқали расмийлаштиришни режа қилган.
“Ҳудудгазтаъминот’’ акциядорлик жамиятининг Андижон шаҳар филиали собиқ мутахассиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога балиқчилик хўжалиги ташкил этиш учун Андижон тумани ҳудудидан 2,3 гектар ер майдони ажратилишига ёрдам бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилади.
У сўралган пулдан 18.600 АҚШ долларини олган вақтида ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у мазкур пул маблағини Давлат кадастрлари палатасининг Андижон вилояти бошқармасининг собиқ мутахассисига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам 18.600 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Бухоро туманида яшовчи, 1976 й.т. фуқаро алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга туман ҳокимлигидаги танишлари орқали 20 сотих ер майдони олиб беришини айтади ва хизмати эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу фуқаро сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ матбуот хизмати