ДХХ кубоги: Мусобақанинг Республика босқичи қизғин баҳслар билан бошланди
Ёшлар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ўтказилаётган Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубогининг Республика босқичида дастлабки учрашувлар бўлиб ўтди.
Жорий йил олтинчи бор ташкил этилаётган мазкур мусобақа Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча туман ва шаҳарларни қамраб олган ҳолда уч босқичда ўтказилмоқда. Мусобақа низомига кўра, ўғил болалар футбол ва мини-футбол, қизлар эса мини-футбол йўналишида баҳс олиб бормоқда.
Қуръа натижаларига кўра, Республика босқичи учрашувлари Тошкентдаги “Бунёдкор” академияси майдонларида ташкил этилмоқда. 17 август куни эркаклар ва аёллар ўртасидаги мини-футбол баҳсларида бир қатор эътиборга молик натижалар қайд этилди.
Эркаклар ўртасидаги мини-футбол баҳсларининг “А” гуруҳида Тошкент вилояти жамоаси Самарқанд вилоятини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Навоий вилояти эса Жиззах вилояти устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

“В” гуруҳида Наманган вилояти Фарғона вилоятини 3:0 ҳисобида енгган бўлса, “С” гуруҳида Бухоро вилояти Сурхондарё вилоятидан 5:2 ҳисобида устун келди. “D” гуруҳида Сирдарё вилояти Қашқадарё вилоятини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Хоразм вилояти эса Андижон вилояти устидан 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Аёллар ўртасидаги мини-футбол баҳсларида ҳам қизиқарли натижалар қайд этилди. “А” гуруҳида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Фарғона вилояти эса Жиззах вилоятини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

“В” гуруҳида Тошкент шаҳри Хоразм вилоятини 2:0 ҳисобида енгди. “С” гуруҳида Сирдарё вилояти Наманган вилояти устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. “D” гуруҳида Тошкент вилояти Навоий вилоятини 5:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Бухоро вилояти Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа мусобақанинг илк туридан сўнг жамоалар кейинги учрашувларга тайёргарлик кўрмоқда. Республика босқичи баҳслари 22 августга қадар давом этади.
Мусобақанинг ҳал қилувчи — финал учрашувлари 22 август куни Тошкент шаҳридаги “Жар” стадионида ўтказилиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА