Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахс яна қинғир йўлида давом этди.
У 1983 йилда туғилган маҳаллий фуқародан 787 гр. героин гиёҳванд моддасини 12 минг АҚШ долларига сотиб олиб, унинг автомашинасида туман маркази томон ҳаракатланаётган вақтларида улар ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ ва Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Конибодом туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган шахс 1 кг. 914 гр. “гашиш” моддасини контрабанда йўли билан мамлакатимизга олиб ўтиб, Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи ҳамтавоғи 1991 й.т. маҳаллий фуқаронинг автомашинасида Учкўприк тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтларида улар ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Таъкидлаш лозимки, Тожикистон Республикаси фуқароси муқаддам қотилликда айбланиб судланган бўлса, унинг фарғоналик шериги эса муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган.
Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Спитамен туманида яшовчи 1974 й.т. фуқаро номаълум шахслар томонидан Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳудудига ўтказилган ва хуфёна жойга беркитиб қўйилган 963 гр “гашиш” моддасини олиб, жиноий шериги Наманган вилояти Норин туманида истиқомат қилувчи 1980 й.т. маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Кобалт” русумли автомашинада, Водий томон йўлга чиқади.
Улар Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган “Наманган” ЙПХ масканида ДХХ ва Божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Наманган вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда “Заркент - Наманган” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган “Дамас” русумли автомашина тўхтатилди.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Янгикўрғон туманида яшовчи, 1992 й.т., муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахснинг ёнида 420 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у Қирғизистон Республикасидан олиб ўтган ушбу ажал оғусини Наманган шаҳрида яшовчи 1988 й.т. шахсга бериши кераклиги маълум бўлиб, у ҳам тадбир доирасида ушланди.
“Наманган – Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “Спарк” русумли автомашина эса Поп тумани ҳудудида тўҳтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 1991 й.т., муқаддам судланган фуқарога тегишли юмшоқ ўйинчоқ ичига яширилган 205 гр. “гашиш” моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув харакатлари давомида, у Қирғизистон Республикасидан қонтрабанда йўли билан ўтказилган ушбу наркотик моддани Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1987 й.т. фуқародан олганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ матбуот хизмати