Депутатнинг асосий вазифалари нимадан иборат бўлиши керак?
Мутахассис мулоҳазалари
Охирги пайтларда айрим депутатлар бир-бирларини популистликда айблаб, сиёсий жараёнларда ноконструктив ҳолатлар вужудга келишига сабабчи бўлаётганларининг гувоҳи бўлдик ва бу жараён авж олмоқда.
Аҳолининг катта қатламлари бу борадаги тортишувларга профессионал баҳо бериши қийин, чунки сиёсат оламидаги манипуляциялар ривожланган сари, оддий инсон ҳақиқатдан нима юз бераётганини ёки популистларнинг қопқонига илинаётганлигини ўзи сезмай қолади.
Юқорида қайд этилган салбий ҳолат бўйича кенгроқ фикр бериш мақсадида мақоланинг биринчи қисми “популизм” тушунчасини ёритишга ҳамда иккинчи қисми депутатнинг ўз электорати олдидаги асосий вазифаларига бағишланади.
1. “Популизм” ўзи нима?
Популизмга турли хил таърифлар беришга уринишлар бор, уларни жамлаган ҳолда популизмнинг қуйидаги асосий жиҳатларини баён этиш мақсадга мувофиқдир:
– аҳолининг таҳлил қилиш салоҳияти камлигидан ўз мақсадларида фойдаланиш;
– аҳолининг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг реал ҳолатидан бехабарлигини билган ҳолда шахсий манфаатларини рўйёбга чиқаришга интилиш;
– ғоя ва фикрларни умумий тарзда баён этиш, аниқ ва конкретликдан ўзини олиб қочиш, нореал ва амалга ошиш имкони йўқ, лекин шу билан бирга аҳолига ёқадиган таклифларни илгари суриш;
– халқнинг ҳиссиётлари билан ўйнаш орқали ўзининг сиёсат оламида машҳурлигини таъминлаш.
Хорижий тажриба ва амалиётга назар ташласак, сиёсий популизм салбий оқибатларга олиб келиши таъкидланади. Хусусан, россиялик машҳур иқтисодчи олим ва Европа популизм тадқиқотлари тармоғининг координатори С. Гуриев фикрига кўра: “Популистлар мамлакатдаги иқтисодий муаммолардан, шу жумладан, ишсизлик, аҳолининг реал даромадлари пастлиги ва жамиятнинг ижтимоий табақаланиши ҳолатларидан фойдаланган ҳолда жамоатчилик қулоғига ёқадиган фикрларни ва ваъдаларни берадилар ва амалдаги бошқарув тизимини тизимли равишда танқид қиладилар”.
АҚШнинг Стенфорд университети олимлари олиб борган тадқиқотларга кўра, популизм – демократияни хавф остига қўядиган сиёсий муаммо ҳисобланади. Ушбу университет сиёсатшуноси А. Гжимала-Буссе таъкидлашича, популистлар расмий институтлар ва функцияларни обрўсизлантирса, демократиянинг асослари бузилишига олиб келади.
Агар ушбу назария орқали бугунги воқелигимизга қарасак, қизиқ фактларга дуч келамиз.
Мисол учун, битта депутат мамлакатдаги реал ижтимоий-иқтисодий ва демографик ҳолатни ҳар томонлама таҳлил қилмасдан, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақасини оиланинг моддий ҳолатидан қатъий назар барчага, яъни бой оилаларга ҳам берилишини илгари сурди.
Албатта, ушбу таклиф аҳолига маъқул келади ва ёқади, менга ҳам ёқади. Қани энди, ҳар бир воқеа учун давлат аҳолига пул тарқатаверса, бу зўрку, буни қўллаб-қувватламайдиган одамнинг ўзи йўқ ер шарида.
Бироқ депутат бугунги кунда 2 ёшгача бўлган болалари бор оилалар сонини, шунингдек, бюджетдан ушбу йўналишга йиллар бўйича қанча маблағ ажратилаётганлигини, бу таклифни амалга ошириш давлат бюджетига қанчага тушишини таҳлил қилганмикин, деган табиий савол туғилади.
Ўз навбатида, молия органлари ҳисоботига назар ташлайдиган бўлсак,
ушбу нафақа турига бюджетдан ажратиладиган маблағлар йилдан йилга пропорционал равишда ортиб борган. Хусусан, 2019 йилда – 245,5 минг оилага 1,16 трлн. сўм, 2020 йилда – 414,3 минг оилага 1, 77 трлн. сўм пул маблағлари ажратилган.
Эътиборлиси шуки, пандемия муносабати билан қабул қилинган қарорлар асосида қамров кенгайтирилиб, биргина 2021 йилнинг 6 ойида 568,8 минг оилага 1, 3 трлн. сўм пул маблағлари ажратилган. 2019 йилга нисбатан оилалар сони 2,3 баробар ошган (3 йил ичида).
Барчага шу пулни тўласак нима бўлади: статистик маълумотларга кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига мамлакат бўйича 2 ёшгача бўлган болалар сони 2.4 млнтани ташкил қилган. Ваҳоланки, бугунги кунда 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа пули 434 000 деб белгиланганлигини инобатга оладиган бўлсак, ҳар бир болага ҳеч бўлмаса меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг учдан бир қисми, яъни 249 100 сўмдан ажратилган тақдирда ҳам йилига бюджетдан 7 трлн. сўм, яъни ҳозиргидан 4 баравар кўп пул маблағлари ажратилишини талаб этади.
Рақамлардан кўриниб турибдики, бирдан 4 баробарга бюджет харажатларининг ошиши ва бундай ҳажмдаги маблағларни ажратиш, бошқа ижтимоий соҳадаги давлат мажбуриятларига таъсир қилмай қолмайди.
Шунингдек, ушбу нафақани ижтимоий ҳолати яхши бўлган бой оилаларга ажратиш масаласи ҳам алоҳида ўрганилиши зарур.
Хуллас, юқоридаги таклиф зўр, уни қўллаб-қувватлайман, лекин кўп йиллик реалликдан хабари бўлган инсон сифатида, бунинг имкони жуда чекланганлигини ҳам тушунаман. Популист ҳам аслида шуни тушунади, билади, лекин аҳоли олдида муҳим масала кўтариб, “яхши” ечим таклиф қилгани учун масаланинг бошқа томонларига эътибор бермайди.
Аслида, халққа ёқадиган ва унинг ҳиссиётлари билан ўйнайдиган юздан кўп таклифлар бериш мумкин. Мисол учун, мактабларда болаларга бепул овқат бериш амалиётини жорий қилиш, барча пенсионерларни коммунал тўловлардан озод қилиш, мактабгача таълим муассасаларини бепул қилиш ва ҳоказо. Бироқ минг марта гапирган билан, бу нореал эканлигини, айниқса, сиёсат ичида юрганлар жуда яхши билади.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби” қоидаларида депутат ўрганилаётган масаланинг туб илдизига етиб бориши лозимлиги белгиланган. Шу аснода, депутат ўз таклифларини мамлакатнинг иқтисодий аҳволини ҳисобга олган ва ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда илгари суриши мантиқан тўғри бўларди.
2. Депутатнинг асосий вазифалари нима, жамият депутатдан нима кутиши керак?
Давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш учун биринчи навбатда депутатларнинг профессионал корпуси самарали фаолият юритиши зарур.
Ўзбекистоннинг конституциявий қонунчилиги ва бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда чет эл тажрибаси шуни кўрсатадики, депутатларнинг аҳоли олдидаги биринчи даражадаги вазифалари қуйидагидардан иборат:
– “қонунчилик ташаббускорлиги” ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда қонун ижодкорлиги бўйича фаолиятини кучайтириш;
– парламент назорати талабларидан оғишмаган ҳолда ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали назоратни амалга ошириш;
– ўз сайловчилари билан тизимли равишда ишлаш, уларнинг кундалик ҳаётидаги муаммоларининг ечимини топиш, уларнинг олдида ҳисобот бериш;
– фракция ва қўмита аъзолари сифатида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига оид бўлган масалалар муҳокамасидаги иштирокини кучайтириш.
Хусусан:
а) “Қонунчилик ташаббускорлиги” масаласи:
Профессионал парламент шакллантириш учун Олий Мажлис ҳар бир депутатининг асосий вазифаси “қонунчилик ташаббуси” ҳуқуқидан кенг фойдаланган ҳолда қонун ижодкорлиги билан шуғулланиш ҳисобланади. Бу ҳуқуққа эга бўлганлар саноқли, шулардан биттаси – Қонунчилик палатаси депутати. Бунда, ҳар бир депутатнинг асосий мақсади ўз электоратига сайловолди кампаниясида берган ваъдаларини қонун ижодкорлиги орқали бажариш ҳисобланади. Айнан “қонунчилик ташаббуси” асосида депутат фаолиятига баҳо берилади ва унинг рейтинги шаклланади. Албатта, “қонунчилик ташаббуси” масаласи маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид эмас бўлиб, фақатгина Олий Мажлиснинг депутатлари фаолияти билан боғлиқдир.
Хорижий тажриба ва амалиёт ҳам шуни кўрсатмоқдаки, депутатнинг рейтингини шакллантиришда “қонунчилик ташаббуси” асосий кўрсаткич ҳисобланади. Мисол учун Россия Федерацияси Давлат думаси депутатлари рейтинги жорий қилинган бўлиб, ушбу рейтингнинг асосий индексларидан бири сифатида “Депутатнинг Давлат Думасидаги фаоллиги” ҳисобланади. Ушбу фаоллик депутатнинг қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги иштироки орқали аниқланади.
Буюк Британияда қонун ҳужжатларига биноан депутатларга қонунлар ишлаб чиқиш, ижро ҳокимияти устидан назоратни амалга ошириш,
ўзи сайланган ҳудуддаги сайловчиларнинг барча муаммоларини ўрганиш, ўзи сайланган партия манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фаолияти юзасидан кенг жамоатчиликка маълумот бериш каби аниқ мажбуриятлар юклатилган.
Агар бирон муаммо бўлса, уни ўрганиб, таҳлил қилиб, ечимни “қонунчилик ташаббуси” тарзида таклиф киритиш депутатларнинг асосий вазифасига айланиши керак.
Олий Мажлис депутатларининг қонунчилик ташаббуси йиллар бўйича таҳлил қилинганда, афсуски, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти бошқа ҳокимият органларига нисбатан қониқарсизлигини кўриш мумкин. Ваҳоланки, Қонунчилик палатасининг 150 та депутати “қонунчилик ташаббуси” ҳуқуқига эга.
Жумладан, 2020 йилда Қонунчилик палатасига киритилган жами 121 та қонун лойиҳаларининг 92 таси – Ўзбекистон Республикаси Президенти
ва Вазирлар Маҳкамаси, 12 таси – депутатлар, 10 таси Олий суд,
6 таси – Бош прокуратура ва 1 таси – Конституциявий суднинг ташаббуси асосида киритилган. Ўз навбатида, 2021 йилнинг 6 ойи давомида Қонунчилик палатасига киритилган жами 78 та қонун лойиҳаларининг 59 таси – Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси, 8 таси – Бош прокуратура, 6 таси – депутатлар ва 5 таси – Олий суд ташаббуси асосида киритилган.
Шунга кўра, 2020 йил ва 2021 йилнинг 6 ойи давомида Қонунчилик палатасига киритилган жами 199 та қонун лойиҳасининг атига 18 таси (9 %) депутатлар ташаббусига тўғри келмоқда. Энг ажабланарлиси шуки,
150 та депутатга 18 та қонун лойиҳаси тақсимланганда ҳар бир депутатга ҳаттоки битта ташаббус ҳам тўғри келмайди. Ушбу ҳолат депутатларимиз ўз профессионал фаолиятини жуда суст даражада олиб боришидан далолат бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, депутатларнинг ушбу 18 та ташаббуси ҳам яхлит қонунларни ишлаб чиқиш бўйича эмас, балки қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан киритилган. Шу ўринда, юқорида қайд этилган ҳозирги пайтда бир-бирини популистик ҳаракатларда айблаётган 2 та турли партияларга аъзо бўлган депутатлар мазкур 18 та қонун лойиҳасининг биронтасида ташаббускор сифатида иштирок этганмикин, деган яна бир савол туғилиши табиийдир.
Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, депутатлар қонунчилик ташаббускорлиги йўналишидаги фаолиятини янада жадаллаштириши лозим, бунда улар ижро ва суд ҳокимияти органларига ўрнак ва намуна бўлишлари шарт.
б) Парламент назорати масаласи:
Хабарингиз бор, демократик давлат қурилишининг асосий принципларидан бири бу ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятига бўлинишидир. Мазкур 3 та ҳокимият мустақил равишда ўз фаолиятини олиб бориши натижасида самарали давлат бошқаруви тизими шаккланиши барчага маълум.
Ўз навбатида, Олий Мажлиснинг айрим депутатлари томонидан ўзларининг профессионал фаолияти принципларига риоя қилмаган ҳолда ижро ва суд ҳокимияти органларининг қонуний фаолиятига аралашиш ҳолатлари учрамоқда. Бунда улар сиёсат оламида машҳурликка эришиш мақсадида “популизм” инструментларидан кенг фойдаланмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби” қоидаларида депутат оммавий ахборот воситаларида, матбуот конференцияларида, бошқа жамоат тадбирларидаги чиқишларида, омма олдидаги баёнотларида давлат органлари ва бошқа органларнинг, ташкилотларнинг, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг фаолиятига муносабат билдирганда ўз нутқида, шунингдек, Интернет тармоғида очилган шахсий саҳифаларида фуқаролар билан мулоқот қилишда уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Албатта, депутатлар ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиш ваколатига эгадир, бироқ ушбу ваколат фақатгина “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши шарт. Лекин парламент назорати суд ҳокимияти фаолиятига тегишли эмас, ҳатто парламент ёки депутат сўрови аниқ бир суд иши юзасидан бўлиши мумкин эмас.
Шу сабабли, ҳурматли депутатлар ўз вақтини бошқа ҳокимият органлари ва вакилларини асоссиз танқид қилишга эмас, балки парламент назорати талабларига қатъий риоя қилган ҳолда сифатли ва самарали таҳлилий ўрганишлар ўтказишга сарфлашса, ўз ижобий натижасини беради.
в) Сайловчилар билан ишлаш масаласи:
Депутатлар уларни сайлаган халқнинг қонуний вакиллари ҳисобланади. Шу боис, депутатларнинг кундалик профессионал фаолияти бевосита улар электоратининг дарди ва муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлиши даркор. Бунда ҳар бир депутат ўз сайловчилари билан тизимли равишда учрашувлар ўтказиши, уларнинг муаммоларини тинглаши ва ҳал қилиши учун барча ресурсларни сафарбар қилиши шарт. Мадомикин, ҳар бир сайловчи томонидан депутатга берилган баҳо олий вакиллик органи ҳисобланган Олий Мажлисга берилган баҳо деб қаралиши лозим. Шу билан бирга, сайловчиларга депутат ўзи амалга оширган ишлари бўйича ҳисобот тақдим қилиб бориши зарур.
г) Фракция ва қўмиталар масаласи:
Сўнгги вақтларда депутатларнинг Олий Мажлис қўмиталари
ва фракцияларида фаоллиги паст даражада эканлигини кузатиш мумкин. Шунга кўра, ҳар бир депутат тегишли қўмита ва фракция аъзоси сифатида қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини янада жонлантирса, шубҳасиз, депутатларнинг профессионал корпусини яратиш имкони пайдо бўлади:
– Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари
ва бошқа қарорларнинг лойиҳалари юзасидан ўз таклифларини киритиш;
– қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишини олиб бориш;
– Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, депутатлар популизм инструментларидан воз кечган ва ҳокимиятлар бўлиниши принципига қатъий риоя қилган ҳолда ўз электорати олдида берган ваъдаларини бажариши учун парламент назорати ва депутатлик одоби қоидалари доирасида
ўз фаолиятини амалга ошириши, шунингдек, “қонунчилик ташаббуслари”ни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ.
Қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда ҳурматли депутатларимиз диққат-эътиборларини пухта ўйланган, илмий асосланган ва узоқ муддатга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилишга қаратсалар яхши бўлар эди. Афсуски, айрим ҳолларда янги қабул қилинган қонунларга жуда кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши натижасида қонуннинг обрўси тушиб, қонуности ҳужжатларига кўпроқ амал қилинаётганга ўхшайди.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида 2 та турли партияларга аъзо бўлган депутатлар томонидан бир-бирини популистик ҳаракатларда айблаш, шахсий ёқтирмаслик фикрларини ва юриш-туришларини баён этишлари ҳам бир вақтнинг ўзида кулгули ва ачинарли ҳолатдир. Бу ҳаракатлар албатта парламент обрўсига путур етказмасдан қолмайди ва аҳолининг ушбу энг муҳим конституцион институтга ишончини сўндиради.
Умид қиламанки, ушбу мақолада кўрсатилган белгилар, мезонлар ва таҳлиллар аҳолимизнинг популистни узоқдан кўра олиш имкониятини оширади ва депутатлардан нимани талаб қилишни янада тўғри англаб олишади.
Ҳалим Бобоев,
юридик фанлари доктори, профессор.