Истиқболли бошқарув кадрлар бўйича “Тараққиёт” танлови ғолиби Парламент депутатлигига номзод
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодини қўйган фаол юртдошларимиз орасида “Бугуннинг мавзуси” кўрсатуви орқали таниш бўлган фалсафа бўйича PhD доктори Феруза Мадрахимова ҳам бор.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодини қўйган фаол юртдошларимиз орасида “Бугуннинг мавзуси” кўрсатуви орқали таниш бўлган фалсафа бўйича PhD доктори Феруза Мадрахимова ҳам бор. ЎзА мухбири Феруза Рузимбаевнанинг сайловолди дастурлари, амалга оширмоқчи бўлган режалари билан қизиқди.
— Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан депутатликка номзод сифатида сайловолди дастурингизда қандай ижтимоий таклифларни илгари сурмоқдасиз?
— Мамлакатимизда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига жавоб берадиган ижтимоий демократик давлат қуриш асосий мақсадларимиздан бири. Аҳолининг кам таъминланган ва бошқа заиф қатламларига бепул ижтимоий хизматлар тақдим этишни таъминлайдиган “Минимал давлат ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига 3 ёшга тўлгунча бола парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини қўшиб ҳисоблаш таклифларимиз бор. Бунда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш лозим. Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш таклифи ҳам бор. Шунингдек. “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солиш асослари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш. Шу орқали коммунал хизматлар, уй-жой фондидан фойдаланиш учун нарх-наво таърифларини шакллантириш меъёрларини, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигининг чегараланган даражасини қонунчиликда мустаҳкамлаш, нарх-наво ва таърифлар оширилиш ҳолатига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматларга ўрнатилган тарифлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш каби таклифларимиз бор.
— Аёл киши бўлишингизга қарамасдан, турли нуфузли танловлар ғолибисиз, ижтимоий-сиёсий жараёнларда доим фаолсиз...
— Барча интилишларим ва уларнинг натижалари замирида илм ётади. Илм билан шуғулланган ҳамда унинг қийинчилиги, масъулияти ва завқини ҳис қилиб кўрган инсон интилишдан тўхтамайди. Муваффақият сари қадам ташлайверади. Бугун давлатнинг ўзи бизга имкониятлар эшигини очмоқда. “Тараққиёт” республика танлови ҳам Президентимиз қарори асосида илк бора ташкил этилди. Ғолибликни қўлга киритганимизда, танлов ғолиби сифатида ушбу номга муносиб бўлиб, бизга билдирилган ишончни тўла оқлашга ҳамда халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилишга ваъда берган эдик. Албатта, Ватанимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, ваъдамизни устидан чиқамиз.
— Илм ҳақида гапирдингиз, Сиз фалсафа фанлари бўйича PhD докторисиз, диссертациянгизда келтирилган хулосалардан сайловолди дастурингизда фойдаланяпсизми?
— Албатта, диссертация ишимда тадқиқот объекти ёшлар бўлган. Бугунги глобаллашув даврида ёшларга салбий таъсир кўрсатувчи мафкуравий таҳдидлар кучайиб бормоқда. Буларга қарши курашишда ижтимоий бирлашув муҳим. Ёшларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан олиб борилаётган тарғиботларда инновацион ва илмий асослардан фойдаланиш лозим. Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсати жамиятнинг сиёсий ҳаётига ёшларни фаол жалб қилиши ва уларга кучли мотивация бериши лозим. Сабаби истиқболли ёшларга ишонч бериш, уларнинг садоқати ва масъулиятини янада мустаҳкамлайди.
— Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида тайёрлаган кўрсатувларингизда акс этган муаммо ва ечимлар дастурингизга киритилганми?
— “Oʻzbekiston” телеканали орқали муаллифлигимда тайёрлаган “Бугуннинг мавзуси”, “Етакчи куч” кўрсатувларида турли соҳа мутахассислари томонидан муаммоли вазиятлар ва уларнинг ечимига оид таклифлар билдирилар эди. Сайловолди дастуримда ушбу таклифлардан муҳимларини киритдим, шулардан биттасини мисол қиламан. Бир ойча олдин кўрсатувимга АҚШнинг Вебстер университетининг Ўзбекистондаги филиалида магистратура босқичида таҳсил олувчи имконияти чекланган кўзи ожиз ёшлар келишган эди. Улар Брайль алифбосидаги адабиётлар деярли йўқлигига қарамасдан, ўзлари изланиб хорижий тилларни жуда ҳам чуқур ўзлаштиришган. Суҳбат давомида китоб масаласида дуч келган қийинчиликлари ва таклифларини айтиб ўтишди. Шунга мувофиқ, сайловолди дастуримизда ногиронлиги бўлган болалар учун махсус адабиёт ва қўлланмалар, жумладан, овоз жўрлиги билан ва Брайль алифбоси асосида адабиётини чоп этиш ҳамда харид қилиш, соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар жорий этишни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш, бу мақсадлар учун харажатларни давлат бюджети маблағларидан молиялаштириш таклифларини киритдик.
— Таълим тизимида фаолият олиб борасиз. Таълим тизими қандай ислоҳотларга муҳтож деб ҳисоблайсиз?
— Узлуксиз таълим тизимида эътибор қаратишимиз лозим бўлган таклифларимиз бор, албатта. Биламизки, барча таълим турларида ўқитувчиларининг амалдаги малака ошириш шакли деярли ўзгаргани йўқ. Ушбу тизимни хорижий тажрибалар асосида ўқитувчининг малакасини юқори даражага кўтарадиган тизим сифатида такомиллаштириш зарур. Олий таълим тизимида – чекка ҳудудлардаги ёшларни ўзлари яшаган қишлоқ аҳоли пунктларида ишлаш шарти билан, давлат грантлари асосида, олий педагогик ва тиббиёт мутахассислари тайёрлайдиган ОТМларга кириши учун имтиёзлар яратиш, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитлари тақдим этиш, шунингдек, нодавлат таълим муассасаларини фақатгина даромади юқори бўлган оилалар учун бўлишини олдини олиш мақсадида таълим тўловларининг ижтимоий мақбул миқдорини қонунчиликда белгилаш лозим. Умуман олганда таълимда барчани тенг фойдаланиши тарафдоримиз, бу мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга асос бўлади.
— Бундан 5 йил олдинги сайловларда амалдаги депутатлар номзоди қўйилса, уларнинг қайта сайланиши аниқ эди. Тўғри, мутасаддилар томонидан бу йилги сайловлар демократик тамойилларга тўла мос бўлади дейилмоқда. Аммо ижтимоий тармоқларда қайта номзоди қўйилган амалдаги депутатлар билан курашишнинг фойдаси йўқ яъни “рақибингиз амалдаги депутат бўлса, сайловда ютиб бўлмайди” деган фикрлар бор. Сизнинг рақибларингиздан бири ҳам амалдаги депутатлардан экан..
— Биз номзодлар халқимизни, сайловчиларимизни ўзимизнинг сайловолди дастурларимиз билан таништирамиз, тарғибот қиламиз, улар ўзлари муносиб деб ҳисоблаган номзодга овоз беришади. Натижани эса сайлов кўрсатади. Бугунги ислоҳотлар давридаги янги Ўзбекистоннинг янги сайловлари – тўлиқ демократияга асосланиши ҳамда юқорида айтиб ўтганимиз “Тараққиёт” республика танлови каби адолатли, шаффоф ва ҳаққоний бўлишига умид қиламиз.