Депутатлар ва касаба фаоллари – ёшлар маслаҳатчиси
Тадбирда депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари, касаба уюшмалари вакиллари ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари қошидаги “Ёшлар маслаҳат гуруҳлари аъзолари” иштирок этди.
Форумда сўзга чиққан халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши раиси Алтибай Раджапов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Сайёра Абдикаримова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева ва бошқалар ёшлар сиёсати, ҳудудларда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолиятининг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Давра суҳбатлари давомида иштирокчилар нафақат мавжуд ютуқларни муҳокама қилди, балки истиқболдаги муҳим вазифаларни ҳам белгилаб олди. Ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари депутатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, келгусидаги режалар учун асос сифатида қабул қилинди.
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими ўтказилди. Бу ҳужжат келгусида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳудудни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Форумнинг иккинчи қисмида Ёшлар маслаҳат гуруҳлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Қизғин ва муросасиз беллашувлар якунида 84 нафар ёшлар орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
[gallery-28821]
Мазкур форум ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолиятини ривожлантириш ва давлат органлари билан ёшлар ўртасида самарали мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА