Депутат ва ёшлар: тараққиёт ва имкониятлар майдони
Бухоро давлат техника университетида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида “Депутат ва ёшлар учрашуви” мавзусида муҳим мулоқот ташкил этилди. Мазкур тадбир ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга ундаш ҳамда таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Учрашувни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Ж.Ашуров очиб, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, билим ва салоҳиятни доимий равишда ошириб бориш ҳар бир ёшнинг муҳим вазифаси эканини қайд этди. Айниқса, китобхонлик маданиятини юксалтириш бугунги кунда долзарб масала эканлигига урғу бериб, китоб инсонни интеллектуал жиҳатдан камол топтиришда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати К.Рўзиев дуал таълим тизимининг афзалликлари ҳақида фикр билдирди. Бугунги кунда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтириш орқали талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш имконияти кенгаймоқда. Шу мақсадда унинг тасарруфидаги меҳмонхоналарда талабалар учун амалиёт ўташ ва кейинчалик иш билан таъминланиш имкониятлари яратилгани таъкидланди.

Депутат Б.Очилов эса “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Ушбу дастур доирасида турли соҳаларни қамраб олган ўндан ортиқ акция ва лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларига қаратилган “IT ва сунъий интеллект етакчилари” шиори остидаги семинарлар, ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” ҳамда “Креатив ёш тадбиркор” каби ташаббуслар бугунги кунда ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида университет факультет ва кафедралари томонидан ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар ва маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, ёшларнинг илмий-амалий салоҳияти тобора юксалиб бораётганини намоён этди.

Мазкур учрашув ёшлар ва депутатлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда ёшларнинг инновацион фикрлашини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этди. Бундай тадбирлар келажакда малакали, ташаббускор ва рақобатбардош кадрларни тайёрлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.