Депутат ҳудуддаги ислоҳотларни ўрганди
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашиб, ҳудуддаги ислоҳотлар билан яқиндан танишмоқда.
Жумладан, қуйи палата депутати Азамат Пардаев Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида бўлди. Депутат аҳоли билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тингланди. Шунингдек, ҳудудда янги қурилаётган таълим ва тиббиёт муассасаларида қурилиш ишларининг бориши билан қизиқди.
– Эски Жомбой маҳалласи туманнинг оғир тоифадаги ҳудудларидан бири ҳисобланади, – дейди А.Пардаев. – Жорий йилда маҳаллани комплекс ривожлантириш ва “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳаллага айлантириш мақсадида 5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан ҳудуд инфратузилмаси яхшиланиб, аҳоли учун бугунги кун талабларига мос шароит яратилмоқда. Маҳалладаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишиш давомида белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан қурилишга масъуллар билан фикр алмашдик.


Депутат Найман маҳалласидаги 20-поликлиника қурилиши билан танишиш жараёнида янги бинонинг аҳоли учун ҳар жиҳатдан қулай ва функционал бўлишига эътибор қаратди. Бу ерда аҳолининг барча қатлами эркин, тўсиқсиз кириб-чиқиши учун барча имкониятларни яратиш зарурлиги таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири