Депутат аҳоли муаммоларини жойида ўрганди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати, профессор Равшан Маҳмудов Сирдарё туманидаги Қуёш ва Элобод маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқот қилди.
Маҳаллалардаги учрашувлар расмий йиғилиш эмас, балки одамларни қийнаётган муаммоларни жойида кўриш, аҳоли фикрини тинглаш ва уларнинг ечими бўйича амалий чораларни белгилашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Қуёш маҳалласида фуқаролар билан суҳбат давомида таълим муассасаси инфратузилмасини яхшилаш масаласи кўтарилди. Хусусан, 25-сонли умумтаълим мактаби ҳовлиси кўздан кечирилиб, унга асфальт қопламаси ётқизиш зарурлиги қайд этилди. Муаммони қисқа муддатда ҳал этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўрови киритишга келишиб олинди.

Элобод маҳалласида эса аҳоли вакиллари билан мулоқот чоғида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди, уларнинг эҳтиёжлари ўрганилди. Шунингдек, Бўш кўчасидаги эскирган ёғоч электр устунларини замонавий бетон таянчларга алмаштириш зарурлиги аниқланди. Мазкур масала бўйича ҳам мутасадди ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйилиб, депутатлик сўрови киритиш белгиланди.
Учрашувлар давомида фуқаролар томонидан йўл инфратузилмаси, коммунал хизматлар сифати, ободонлаштириш ишлари ва ижтимоий масалалар юзасидан билдирилган таклифлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар бир мурожаат юзасидан масъуллар иштирокида амалий чоралар белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Таъкидланганидек, депутатлик фаолиятининг асосий мезони қабул қилинган қарорлар эмас, балки аҳолини қийнаётган муаммоларнинг амалий ечими билан баҳоланади. Шу боис бундай очиқ мулоқотлар ҳудудлардаги долзарб масалаларни ўз вақтида аниқлаш, депутатлик назоратини кучайтириш ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маҳаллаларда ўтказилган бу каби учрашувлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: ҳудуд тараққиёти, энг аввало, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни эшитиш, уларни жойида ўрганиш ва аниқ амалий ечимлар орқали ҳал этишдан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири