Бугун Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги Намозгоҳ маҳалласи ҳудудидан ўтган давлат аҳамиятидаги 4Р108 “Денов айланма йўли” автомобиль йўлини халқаро аҳамиятдаги М41 “Бишкек – Душанбе – Термиз” автомобиль йўли билан боғловчи темир йўл устидан ўтган янги кўприк фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “2018 – 2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари кўприкларини, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бунёд этилган йирик йўл ўтказгич автомобиль йўллари қўмитаси буюртмаси асосида қад ростлади.
Конституциямиз қабул қилинганининг 32 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган замонавий иншоотнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз жанубидаги воҳага кўрсатаётган юксак эътибори ҳудудларни ҳар тарафлама ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Амалга оширилаётган бундай улуғвор ишлар юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам инсон қадрини улуғлаб, аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун обод, осуда ва фаровон ҳаётни таъминлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Қиймати 81,5 миллиард сўмлик кўприкнинг узунлиги 300 метр, тирама девор узунлиги 100 метр, икки томонлама йўл узунлиги 1200 метр,кенглиги 21 метрни ташкил этади.
Мураккаб иншоотни қуриб, ишга тушуриш учун “Кўприкқурилиш” акциядорлик жамияти бунёдкорлари 6 минг 240 метр -куб бетон, 35 минг метр- куб ер ишларини амалга оширди. 30 дона темир-бетон устун, тўрт турдаги 156 дона темир-бетон тўсин ўрнатилди.
Замонавий кўприк минтақанинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириб, йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлайди. Йўлдаги узоқ йиллик тирбандликка чек қўяди.
Тантанали маросимда нуронийлар кўприкнинг юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида узоқ йиллар хизмат қилишини тилаб, дуога қўл очди. Яратилган бу қулайлик учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдиришди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири