Демократия ишончдан бошланади
15 сентябрь — Халқаро демократия куни. Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2007 йил 13 декабрдаги резолюцияга мувофиқ таъсис этилган. Бу кундан мақсад — дунё миқёсида демократия тамойилларини тарғиб қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятнинг барча қатламларини бошқарув жараёнларига жалб этишдан иборат.
Бу ҳақда Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси Алишер Азизов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Демократиянинг қай даражада етук экани фақат сайлов тизими қандай ташкил этилгани билан эмас, балки инсоннинг кундалик ҳаётда давлат билан муносабатлари қандай кечаётгани билан ҳам баҳоланади: унинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинганми, у ўз фикрини очиқ ифода эта оладими, ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал этишда иштирок эта оладими ва мурожаатларига аниқ ҳамда асосли жавоб оладими?
Шу боис, БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ ҳар йили 15 сентябрда нишонланадиган Халқаро демократия куни аввало, жамият ва ҳокимият ўртасидаги мулоқот қай даражада самарали эканини баҳолаш учун муҳим фурсатдир.
Ўзбекистон учун ҳам бу мавзу, аввало, амалий аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида мамлакат Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан изчил бораётганини таъкидлади. БМТ томонидан қабул қилинган ушбу 17 та мақсад 2030 йилга қадар инсон фаровонлигини ошириш, ижтимоий тенгликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган. Бу йўлда инсон қадри ҳамда давлат институтларининг жамият эҳтиёжларига амалда жавоб бера олиши бош мезон ҳисобланади.
Инсон — бош мезон. Бу ёндашувга 2023 йилда умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Унда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилган. Моҳиятан, бу бошқарув мантиғининг ўзгарганини англатади: фуқаро тизимга мослашиши шарт эмас; аксинча, тизим қонун доирасида ишлаб, инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини устувор қўйиши лозим.
Бироқ, демократик меъёрлар инсон уларнинг амалий натижасини ўз ҳаётида кўргандагина ишонч уйғотади. Шу нуқтаи назардан, «Ташаббусли бюджет» фуқаролар иштирокини таъминлайдиган энг кўзга кўринган механизмлардан бирига айланди. Унинг доирасида аҳоли ўз маҳалласи учун зарур лойиҳаларни илгари суради, энг муҳим деб ҳисоблаган ташаббусларга овоз беради ва бюджет маблағларининг бир қисми қандай тақсимланишига бевосита таъсир кўрсатади.
Бу механизмнинг кўлами бугун рақамларда ҳам яққол кўринади. 2026 йилги биринчи мавсумда «Очиқ бюджет» портали орқали 21 мингдан ортиқ лойиҳа таклиф этилди, овоз бериш жараёнида эса 10,2 миллиондан зиёд овоз берилди. Якунда умумий қиймати қарийб 3,03 триллион сўм бўлган 2 минг 192 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Бу рақамлар ортида йўллар, мактаблар, сув таъминоти, кўчаларни ёритиш, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар билан боғлиқ аниқ лойиҳалар турибди. Энг муҳими, уларга бўлган эҳтиёжни аҳолининг ўзи белгилаган. Шу тариқа аҳоли фикри аниқ қарорга айланади, ишонч эса амалий натижа билан мустаҳкамланади.
Вакиллик ва иштирок. Фуқароларнинг жамият ҳаётига таъсир кўрсатиш имконияти маҳаллий ташаббуслар билангина чекланмайди. Қонунлар қабул қилинадиган парламентда жамиятнинг турли қатламлари қай даражада вакилликка эга экани ҳам муҳим. 2024 йилги парламент сайлови мамлакат тарихида илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди: Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхатлари бўйича сайланди. Хотин-қизлар улуши 38 фоизга етди. Илк бор Қонунчилик палатасига ногиронлиги бўлган шахс депутат этиб сайланди.
Жамиятнинг турли қатламлари кенгроқ вакилликка эга бўлиши қабул қилинаётган қарорларда фуқароларнинг турли манфаатлари ва ҳаётий тажрибаси тўлароқ ҳисобга олинишига хизмат қилади. Айнан шу ерда демократияни мустаҳкамлаш билан барқарор ривожланиш вазифалари ўзаро туташади.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳам бу боғлиқликни ифодалайди: 5-мақсад хотин-қизлар учун тенг имкониятларни таъминлашга, 16-мақсад эса самарали, ҳисобдор ва очиқ институтларни шакллантириш ҳамда қарор қабул қилишда барчанинг иштирокини таъминлашга қаратилган.
2024 йилда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янгиланди: Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Шунингдек, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари раисларини фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан тасдиқлаш, кенгашлар фаолияти самарадорлигини ҳар йили баҳолаш ҳамда натижаларини эълон қилиш тартиби белгиланди.
Бироқ, муҳокама майдонининг мавжудлиги ҳали мазмунли мулоқотни кафолатламайди. Фуқаро қандай қарор қабул қилиш режалаштирилаётганини, муҳокама давомида қандай таклифлар билдирилганини, улардан қайсилари инобатга олинганини ва айримлари нима сабабдан рад этилганини билиши муҳим. Ана шундай очиқ ва асосли жавоб туфайли муҳокама шунчаки расмиятчилик бўлиб қолмай, ўзаро ишончни мустаҳкамлайдиган амалий воситага айланади.
Бу борада электрон ҳукумат тизими кенг имкониятлар яратмоқда. БМТнинг 2024 йилги Электрон ҳукумат тадқиқоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида (EGDI) 69-ўриндан 63-ўринга кўтарилди ва илк бор электрон ҳукумат ривожланиши жуда юқори баҳоланган мамлакатлар гуруҳига кирди. Электрон хизматлар давлат хизматларидан фойдаланиш, мурожаат йўллаш ва зарур ахборотни олишни осонлаштиради.
Бироқ, рақамлашув кексалар, олис ҳудудлар аҳолиси ёки рақамли кўникмалари етарли бўлмаган фуқаролар учун тўсиққа айланмаслиги лозим.
Шу боис, онлайн воситаларни фуқаролар билан юзма-юз мулоқот, сайёр қабул ва учрашувлар, шунингдек, маҳаллалардаги очиқ муҳокамалар билан уйғунлаштириш зарур. Шунингдек, фуқаролик институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали фуқаролар иштирокини таъминлаш муҳим.
Халқаро демократия куни — эришилган ютуқларни сарҳисоб қилиш баробарида фуқаролар иштироки янада мазмунли бўлиши, институтлар ҳисобдорлиги кучайиши, қарорлар эса тушунарли ва адолатли бўлиши учун яна қандай ишлар қилиниши зарурлигини белгилаб олиш имконини беради.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА