Демографик барқарорликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик қандай роль ўйнайди?
Бугун пойтахтимизда “Ўзбекистонда демографик барқарорликни мустаҳкамлаш: маълумотлар, далилларга асосланган сиёсат ва иқлим ўзгаришига доир чора-тадбирларни уйғунлаштириш” мавзусида миллий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда илмий-тадқиқот муассасалари масъуллари, мутахассислар ва ҳалқаро ҳамкорлар иштирок этди.
Унда UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили, доктор Нигина Абасзаде ва бошқа иштирокчилар инсон капиталига, хусусан, аёллар ва ёшларга инвестиция киритиш демографик салоҳиятни рўёбга чиқариш ҳамда инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил эканини таъкидлади. Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг демографик барқарорликни миллий кун тартиби даражасига олиб чиқишдаги етакчилик роли қайд этилди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, демографик барқарорлик мамлакатнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланишида асосий омиллардан бири ҳисобланади. Аҳоли сонининг барқарор ўсиши, туғилиш кўрсаткичларининг мутаносиблиги ва меҳнат ресурсларининг самарали шаклланиши иқтисодиёт барқарорлиги учун мустаҳкам пойдевор яратади. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, таълим сифати ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган комплекс сиёсат бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Тадбирда таъкидланганидек, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида демографик барқарорликни давлат сиёсатининг барча йўналишларига интеграция қилиш барқарор ва инклюзив ўсишга эришишда муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда халқаро ҳамкорлик, хусусан, БМТ тизимидаги ташкилотлар билан иш олиб бориш миллий сиёсатларни такомиллаштиришда катта ўрин тутади.
Семинарда UNFPA томонидан Демографик барқарорлик концепцияси тақдим этилди. Унда Ўзбекистон шароитида қўлланилиши мумкин бўлган ёндашувлар муҳокама қилинди. Концепция давлатларга демографик ўзгаришларни олдиндан прогноз қилиш ва бу маълумотларни сиёсат, стратегик режалаштириш ҳамда инвестиция қарорларига интеграция қилиш имконини беради.
Доктор Нигина Абасзаденинг таъкидлашича, халқаро ҳамкорлик демографик сиёсатни самарали амалга оширишда муҳим ўрин тутади, чунки у илғор тажрибалар, замонавий таҳлилий ёндашувлар ва глобал маълумотлар алмашинувини таъминлайди.
–Ушбу мулоқот Ўзбекистоннинг аҳоли маълумотларидан янада самарали фойдаланиш орқали ақлли ва инклюзив тизим ишлаб чиқиш салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим қадамдир. Демографик таҳлилларни иқлим чора-тадбирлари ва ривожланишни режалаштириш билан уйғунлаштириш натижасида мамлакат янада барқарор ва адолатли келажакни барпо этмоқда, – деди Нигина Абасзаде.
Семинар доирасида иқлим ўзгариши ва демографик трансформация ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. UNFPA томонидан тақдим этилган минтақавий тадқиқот натижалари иқлим хавфлари ва аҳоли динамикаси қандай кесишишини кўрсатиб берди. Мутахассислар атроф-муҳит ва демографик босимларни бир вақтнинг ўзида ҳал қилиш учун интеграциялашган, маълумотларга асосланган ёндашувларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА