Шу кунларда Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларида миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига “Карам ва кўкат экинлари экилиши муддатлари ва парваришлаш, бодринг етиштириш, аччиқ ва ширин қалампир етиштириш” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вилоят вакилларининг маълум қилишича, маҳорат ўқув дарсига июнь ойи давомида барча қизиқувчилар таклиф этилади ва бу бўйича график тасдиқланган. Маҳорат дарслари якунида иштирокчиларга томорқачиликни ривожлантиришда фойдаланиш учун китоб ва қўлланмалар тарқатилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти Денов тумани “Чамбил” МФЙдаги Алишер Пардаев хонадонида ўтказилган ана шундай маҳорат дарсида хонадон эгаси карам, кўкат, бодринг ва қалампир етиштиришни иссиқхонада қўллаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ташкил этилган амалий машғулотда вилоятнинг 15 та маҳалла фуқаролар йиғинидан келган деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, томорқа ер эгалари ва маҳалла вакиллари иштирок этди.
Ўқув дарсидан сўнг семинар қатнашчилари ушбу маҳаллада ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, саримсоқпиёз етиштираётган Нормамат Мелибоев хонадонида бўлиб, у ерда саримсоқпиёз етиштириш даврида бажариладиган агротехник тадбирларни кузатди. Бундан ташқари, экинларда учрайдиган касалликларга қарши курашиш учун ишлатиладиган дори воситалари тўғрисида ҳам тушунчалар берилди.
Мана шундай маҳорат дарслари Бухоро вилоятининг Бухоро ва Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманларида ҳам кенг миқёсда ўтказилмоқда. Айни кунларда бу каби маҳорат дарслари юртимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
С. Шоева