🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Деҳлида Ўзбек тили байрами нишонланди

Деҳлида Ўзбек тили байрами нишонланди
Жамият
Танлаш
13:04 / 15.10.2020

14 октябрь куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида Ўзбек тили байрами куни нишонланди.


14 октябрь куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида Ўзбек тили байрами куни нишонланди.

Тадбирда Жамия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси профессор Шоҳид Таслим, Ҳиндистондаги “Ўзбек тили дўстлари” клуби аъзолари, Деҳлида таҳсил олувчи ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Д.Аҳатов ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихи, мустақиллик йилларида ўзбек тилининг нуфузини ошириш йўлида амалга оширилган ишлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрда имзоланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.

Фармонга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь Ўзбекистонда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг нишонланиши ҳамда ушбу фармонни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълум қилинди.

2020 йил 23 сентябрь куни тарихда илк маротаба Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеёв БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани ва давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси Ўзбекистон халқи ва бутун дунё ҳамжамияти томонидан катта олқиш билан кутиб олингани таъкидланди.

photo_2020-10-15_13-04-11 (2).jpg

Тадбир давомида ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини Ҳиндистонда тарғиб қилиш ишларига ўз ҳиссасини қўшаётган Жамия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси Шоҳид Таслимга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Шундан сўнг беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тақдимоти ўтказилди. Ушбу тўплам сўнгги бир йил давомида давлат тилини ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар натижаларидан биридир.

photo_2020-10-15_13-04-12.jpg

Луғат Жамия Миллия Исломия университети кутубхонаси, “Ўзбек тили дўстлари” клуби ва профессор Шоҳид Таслимга совға сифатида тақдим этилди.

Шоҳид Таслим, Жамия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси:

photo_2020-10-15_13-11-55.jpg

– Қувонч билан таъкидламоқчиманки, ўзбек тили бир неча йиллардан бери Ҳиндистонда, Жамия Миллия Исломия университетида ўқитилмоқда. Бу шарафли вазифани амалга ошириш менга юклатилган. Мен ўзбек тилидаги билимимни доимий равишда ошириб, ушбу масъулиятли вазифани бажариш учун барча имкониятларимни ишга солмоқдаман.

Мен ўзбек тилини жуда севаман. Нафақат ўзбек тили ва адабиёти, балки маданиятингиз ҳам менга жуда яқин. Бунга сабаб халқларимизнинг маънавий, маданий яқинлигидир. Ўзбек тилини ўрганиш мен учун севимли иш десам муболаға бўлмайди. Бундан ташқари, мен урду тили ва адабиёти бўйича ҳам мутахассис бўлганим боис ўзбек тилини ўрганиш мен учун қийин кечмади. Негаки, ўзбек ва урду тиллари ўртасида лисоний жиҳатдан чуқур ришталар мавжуд. Уларда тахминан 3-4 мингга яқин ўхшаш сўзлар мавжуд.

Мен фурсатдан фойдаланиб, университетимизда ўзбек тилини ўқитишни йўлга қўйишда доимий кўмак кўрсатиб келаётган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирмоқчиман. Бир неча кундан сўнг, 21 октябрь куни Ўзбекистонда Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланади. Дўст Ўзбекистон халқини Ҳиндистон халқи номидан ушбу байрам билан табриклайман.

Салмон Азми, Жамия Миллия Исломия университети талабаси:

photo_2020-10-15_13-14-15.jpg


– Ассалому алайкум. Мен ўзбек тилига бўлган қизиқишим туфайли ҳозирда Жамия Миллия Исломия университетида ўзбек тилини ўрганяпман. Дўстларим ва устозимиз билан Ўзбекистон элчихонасида ўзбек тили байрамини нишонлаш учун йиғилдик.

Элчи жаноблари бизга “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни совға қилди. Биз бундан жуда ҳам хурсандмиз. Мен ва дўстларим Жамия Миллия Исломия университети талабалари номидан ўзбек халқини тил байрами билан чин дилдан табриклаймиз.



Зарина Ғофурова, Деҳли университети докторанти:

photo_2020-10-15_13-14-31.jpg

– Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонасида ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбирда иштирок этганимдан бахтиёрман. Тадбирда Ҳиндистонда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш кучли эканига гувоҳ бўлдик. Ўйлайманки, бундай тадбирлар она тилимизнинг дунёдаги обрўи ва мақомини оширишга катта ҳисса қўшади. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан табриклайман.