«Даъво»: зиёлилар ҳаёти ва инсон муносабатларига бадиий назар
Инсон ўз мақсади йўлида қанчалик узоққа бориши мумкин? Обрў ва унвон истаги қачон виждондан устун келади? Эркин Аъзамнинг «Даъво» романи айнан шу каби мураккаб ва ўйлантирадиган саволларни ўртага ташлайди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг «Даъво» романи тақдимотига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди.
Асарда илм аҳли ва зиёлилар муҳитидаги зиддиятлар, устоз-шогирд муносабатлари, садоқат ва хиёнат, инсон қадриятлари ҳамда виждон масалалари ўзига хос бадиий талқин этилган. Асар қаҳрамонлари Жамшид Бўрон ва унинг устози Шокир Тўлаганов тақдири орқали илмий муҳитдаги мураккаб муносабатлар, ҳалоллик, эътиқод ва манфаатлар тўқнашуви киноя ва теран мушоҳадалар билан ёритилган.

Роман китобхонни нафақат қаҳрамонлар тақдири ҳақида ўйлашга, балки инсоннинг ўз мақсади йўлидаги танловлари, маънавий қиёфаси ва виждон олдидаги масъулияти ҳақида ҳам мушоҳада юритишга ундайди.
Адабий учрашувда адабиётшунос ва тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, тадқиқотчилар қатнашди.
Муҳокамалар давомида асарнинг тил ва услуб хусусиятлари, ижтимоий-психологик қатламлари, киноявий табиати, воқеаларни ҳикоя қилиш усуллари, қаҳрамонлар руҳияти ҳамда инсон ва жамият муносабатларининг бадиий ифодасига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, «Даъво» романи фақат илмий муҳитдаги муносабатлар тасвири билан чекланмайди. Унда инсон қадри, ҳалоллик, манфаат ва виждон ўртасидаги нозик чегаралар ҳақида ҳам жиддий бадиий мушоҳада юритилган.
Учрашув давомида ёзувчи Эркин Аъзам билан очиқ мулоқот, савол-жавоб ва самимий адабий суҳбат ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар асар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ижодкор билан қизиқарли суҳбат қурди.
Зеро, баъзи асарлар ўқиб тугатилгани билан хотирадан ўчмайди. Аксинча, улар китобхонни ўз-ўзига савол беришга ундайди. «Даъво» ҳам ана шундай асарлардан бири.
Н.Усмонова,
ЎзА