Давлат-хусусий шерикчилигида йирик лойиҳа
Шу кунларда 1700 нафар фарғоналик зиёратчи Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини адо этиш учун сафарда. Подшоҳликнинг йирик компания раҳбарлари эса Фарғонага келишди. Бунинг жиддий сабаби бор эди, албатта.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Саудия Арабистонининг Висион Инвест компанияси катта вице-президенти Юсиф Ал Зухаир ўртасида бўлиб ўтган музокара чоғи йирик тиббиёт лойиҳаси бўйича амалий ишлар фаол босқичга ўтди – Фарғона вилоятида 800 ўринли, 10 қаватдан иборат замонавий кўп тармоқли шифохонани халқаро стандартлар асосида лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда узоқ муддатли техник хизмат кўрсатишни назарда тутувчи давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Аслида бу каби лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этишга қаратилган қарорлари, асосида амалга оширилмоқда. Уни мамлакатнинг тиббиёт соҳасидаги шу мақомдаги биринчи йирик лойиҳаси дейиш мумкин.

Янги тиббиёт мажмуаси нафақат Фарғона вилояти, балки бутун водий ҳудудлари ҳамда қўшни республикалар аҳолиси учун юқори малакали ва замонавий тиббий хизматлар кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган.
Учрашувда Юсиф Ал Зухаир Фарғона вилоятида тиббиёт соҳаси учун зарур инфратузилма ва мустаҳкам база шаклланганини таъкидлаб, бу омил лойиҳани самарали ва тезкор амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади, деди.

Лойиҳанинг умумий инвестиция қиймати қарийб 300 миллион долларни ташкил этади. Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган мазкур мега-лойиҳа Марказий Осиёда ДХШ моделида барпо этилаётган энг йирик соғлиқни сақлаш объектларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА