Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб давлат хизматлари марказида ички ишлар бўлимлари билан бир вақтда Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришни бошлади.
Сўнгги йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилиб модернизация қилинмоқда. Бу эса аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Ҳозир ДХМлар орқали 160 турдан ортиқ хизматлар кўрсатилаётган бўлса, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 200 га яқин хизматлардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Нурафшон, Чирчиқ ва Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари марказларида биометрик паспорт ва шахсни тасдиқловчи ID-карта бериш жорий қилинди. 2022 йил якунига қадар босқичма-босқич барча давлат хизматлари марказларида ушбу имкониятни яратиш режалаштирилган.
Хизматлар экстерриториаллик тамойили асосида (рўйхатда турган жойингиздан қатъий назар) тақдим этилади. Бунда биометрик паспорт бериш учун тўлов миқдори БҲМнинг бир бараварига тенг, яъни айни дамда 270 минг сўм (аввал БҲМнинг 1,2 баравари бўлган).
А.Мусаев, ЎзА.