Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтишни тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 61-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилган.
2023 йилнинг 1 январига қадар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий қилиш белгиланган.
Айтиш жоизки, Бошқарма ҳамда унинг тизимидаги идораларда жорий йилнинг 10 ноябрь санасидан бошлаб, иш юритиш ҳамда бошқа барча жараёнлар тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида амалга оширила бошланди. Шунингдек, ташкилотнинг маъмурий биноларидаги пешлавҳалар, турли кўринишдаги деворий материаллар, фуқаролар учун услубий қўлланмалар ҳам давлат тили қоидаларига мувофиқ, лотин алифбосида тайёрланмоқда.
Ўтган вақтда бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари, электрон ресурслари ҳам босқичма-босқич лотин алифбосига тўлиқ ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси 2021 йил 16 март куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ва у 31 март куни якунланганди. Кейинроқ Давлат тилини ривожлантириш департаменти матбуот хизмати ушбу ҳужжат муҳокамаси 2021 йил 1 ноябрга қадар давом эттирилишини маълум қилди.
Лойиҳада 2023 йил 1 январдан тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтилишини инобатга олган ҳолда, амалдаги алифбода мавжуд айрим мураккаб ҳарфларнинг шаклини ўзгартириш таклиф этилмоқда.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати