Давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимлари ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz фаолият юритмоқда.
Мазкур портал қандай ишламоқда? Давлат хизмати вакант лавозимлари учун очиқ танловлар қандай ўтказилади?
Бу саволларга Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова жавоб берди:
– Порталдаги давлат органларининг вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.
Вакант лавозимлар учун очиқ танловлар номзодларнинг вакант лавозим малака талабларига мослигини ўрганиш, тест синови, ассесмент шаклидаги суҳбат жараёнидан иборат.
Танлов босқичлари натижаси тўғрисидаги маълумотлар номзодларнинг шахсий кабинетига юборилади. Ҳар бир номзод, танлов босқичлари натижасидан хабардор бўлиш учун, порталдаги шахсий кабинетини кўздан кечириб туриши лозим.
Давлат органида танловларни ўтказиш учун доимий фаолият юритувчи танловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш комиссияси тузилади. Комиссия таркиби давлат органи раҳбари томонидан тасдиқланади. Танлов ўтказилаётган давлат органининг кадрлар бўлинмаси танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
Танлов комиссиялари номзодларнинг вакант лавозим малака талабларига мослиги бўйича хулоса бериб, танловларнинг тест босқичига ўтган номзодларни белгилайди. Танловларнинг суҳбат босқичини интервью ёки тақдимот каби усуллар асосида ўтказади. Суҳбат натижаси бўйича ҳар бир танлов комиссияси аъзоси номзодларни баҳолайди ва энг юқори балл тўплаган номзодни танлов ғолиби деб топади.
2024 йилнинг ўтган даври давомида портал орқали вазирлик ва идоралар ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича жами 18 минг 709 танлов эълон қилиниб, ушбу танловларга жами 753 минг 283 нафар номзод томонидан ариза юборилган.
Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп танловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Оила ва хотин-қизлар ва Солиқ қўмиталари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари тизимида, шунингдек, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари лавозимларига ўтказилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп танловлар Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Бухоро вилоятларига тўғри келган.
Якунига етган танловлар бўйича 8 минг 515 нафар малакали номзод давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди.
Танлов ғолибларининг 3 мингдан зиёди 30 ёшгача бўлганлар, 2 минг 995 нафари аёллар, 1 минг 380 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этди.
Н.Абдураимова, ЎзА