Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари: қандай инсон халқнинг маънавий халоскори бўла олади?
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати тизимини ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш давлат бошқарувини самарали ташкил этишнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг 8 август куни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унинг Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш деб номланган 4-боби 17-моддасида Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларида қандай талаблар белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик таҳлилидан маълумки, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқи коррупцияга қарши курашнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Буни Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни нормаларидан ҳам англаш мумкин. Масалан, қонунда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унда давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини самарали амалга ошириш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари» давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.
Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида амал қилиши шарт бўлган принциплар, мажбуриятлар белгилаб қўйилган бўлиб, улар давлат хизмати соҳасида бевосита ва билвосита коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга йўналтирилган.
Хусусан, мазкур қоидаларга кўра, давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида қонунийлик, ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик, юкланган функционал вазифаларини тўлиқ бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашиш, хизмат сирини қатъий сақлаш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принципларига амал қилиши шарт.
Албатта, ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амалиётда ишлаши унинг ишлаш механизми қанчалик таъминланганлигига боғлиқ.
Одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида боб мавжуд бўлиб, унда қоидаларнинг самарали ижроси ва назоратини таъминлашга қаратилган нормалар киритилган. Яъни, давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун, мазкур қоидаларни бузилиши эса уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарор билан Давлат хизматчилари одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш мажбуриятига, фуқаролар эса давлат хизматчиларидан мазкур қоидаларга мос бўлган касбий маданиятни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.
Давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда хулқ-атворнинг қуйидаги умумий қоидаларига амал қилиши лозим:
давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш;
масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш;
мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш;
хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш;
оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш;
фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш;
жамиятда ахлоқнинг умумеътироф этилган қоидаларига амал қилиш.
РАҲБАР ШАХСЛАР УЧУН...
Мазкур ҳужжатда давлат хизматидаги раҳбар шахсларнинг ҳам бир қатор мажбуриятлари белгиланган. Хусусан, раҳбар бўйсунувидаги давлат хизматчиларига профессионализм, ҳалоллик, холислик ва адолатлиликда ўрнак бўлиши, жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантиришга, давлат хизматчиларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундамасликка ҳамда улардан бундай ҳаракатларни бажаришни талаб қилмасликка, кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш, тайинлаш ёки тавсия этишга йўл қўймасликка;
жамоада гуруҳбозлик ва фаворитизм (айрим ходимларни яқин олиш ва қўллаб-қувватлаш) кўринишларига йўл қўймасликка, шунингдек, хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг олдини олишга;
давлат хизматчиларининг фаолиятига баҳо беришда қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилишга;
давлат хизматчилари томонидан коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўришга;
бўйсунувидаги давлат хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чораларини кўришга;
ваколати доирасида шартномалар тузиши, танловлар ўтказиш ёки розилик бериш масалаларига холис, адолатли ва қонуний ёндашишга мажбурдирлар.
Айни дамда жойларда вилоят Адлия бошқармаси билан биргаликда давлат хизматчилари ўртасида мазкур қарор мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Ушбу ўқув семинарларини ўтказишдан асосий мақсад – давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишдир.
Семинарлар давомида иштирокчиларга мутахассислар томонидан давлат фуқаролик хизматчилари хулқ-атворининг умумий қоидалари, касбий маданиятга оид одоб-ахлоқ қоидалари, хизматни ўташ, балки ундан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқ қоидалари, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга оид одоб-ахлоқ қоидалари, шунингдек, раҳбар ходимларнинг мажбуриятлари атрофлича тушунтириб берилмоқда.
Мулоқотлар давомида мавзуга оид махсус видеороликлар намойиш этилиб, маърузалар тақдимот кўринишида ёритиб берилмоқда.
Шу ўринда, Мусо ал-Хоразмийнинг инсон ахлоқи хусусида айтган қуйидаги фикрлари чуқур маънога эга «Агар инсон яхши хулқ, соҳиби бўлса, у 1 га тенг. Агар инсон ҳусн соҳиби бўлса, бирнинг ёнига нолни қўш = 10 бўлади. Агар инсон бой бўлса, яна бир нолни қўш = 100 бўлади. Агар насл-насабли бўлса, яна бир нолни қўш = 1000 бўлади. Агар 1 рақами, яъни хулқ йўқ, бўлиб кетса, инсоннинг қиймати йўққа чиқиб, нолларнинг ўзи қолади = 000»- дейди буюк мутафаккир.
Давлат фуқаролик хизмат муносабатларида давлат хизматчисининг одоб-ахлоқи муҳим ўрин тутади. Зеро давлат хизматчисининг ахлоқий фазилатларини тарбияламасдан, унинг шахсий ва профессионал қобилиятларини ривожлантирмасдан туриб, улардан самарали фаолиятни кутиб бўлмайди.
Зеро, жамиятда қонун устуворлигига эришиш учун қонунларга риоя этиш мажбуриятга эмас, инсоний фазилатга айланиши лозим.
Файласуф олим Нитще айтганидек, «Ахлоқийлик аввал қатъий талаб шаклида қўйилади. Унга риоя қилиш шартлиги учун бўйсуна бошлайдилар. Бироз ўтгач бу ихтиёрий одатга айланади ва охири у инстинкт даражасида оддий ва табиий, одамга ҳузур берувчи фазилатга айланади».
Дарҳақиқат, Давлат хизматчилари ўз фаолиятида ва фаолиятдан ташқари вақтда амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ қоидаларини билмаса, улар аниқ баён этилмаса ва бундай турдаги қоидаларнинг амал қилиниши устидан лозим даражадаги назорат ўрнатилмаса давлат хизмати соҳасида турли суиистеъмолликлар кўпайиб, коррупция ҳолатлари юз бериши мумкин.
Яъни, Теодор Рузвельт таъбири билан айтганда «Инсонни ахлоқ жиҳатидан тарбияламасдан туриб интеллектуал жиҳатдан тарбиялаш, бу жамият учун таҳдид демакдир».
Шуни алоҳида айтиш жоизки, Давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтларда ҳам умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
Дарҳақиқат, ўзини нималардандир чеклаб, ўзига тақиқ қўя олган ва қайсидир эзгу ишга ўзини мажбур қила олган инсон – маданиятли шахс.
Бундай инсонларнинг ҳаёт тамойилида эзгулик, бунёдкорлик, ҳалоллик, адолат устувор бўлади.
Чунки ахлоқ инсоннинг шахсий қадрияти сифатида унинг фаолиятига кўчади ва уни самарали қилувчи кучга айланади.
Шундагина ҳақиқий давлат хизматчиси, халқнинг маънавий халоскори бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топа олади.
Шерзод Жумаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Навоий вилояти филиали раҳбари ўринбосари