Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида қандай ишлар амалга оширилди?
Бу саволга агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова жавоб берди:
– Давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида изчил ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Vacancy.argos.uz” портали орқали 70 вазирлик ва идора ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги жами 23 минг 254 вакансия бўйича 883 мингдан ортиқ номзод ўртасида танловлар ўтказилди. Натижада уларнинг 12 минг 545 нафари ишга қабул қилинди.
Танлов ғолибларининг 4 минг 458 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 4 минг 393 нафари аёллар, 2 мингдан зиёди давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этди.
Портал орқали вазирлик ва идоралар тизимидаги ташкилотлардаги ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган вакант лавозимга 30 мингдан ортиқ танлов эълон қилиниб, 1,4 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар турли даражадаги лавозимларга ишга қабул қилинди.
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб ижро ҳокимияти органларида кадрларга оид барча ҳужжатларни “hrm.argos.uz” платформасида юритиш бошланди. 2 минг 645 ташкилот платформага уланди ҳамда 95 мингга яқин давлат хизматчисининг маълумотлари рақамлаштирилди ҳамда 92 мингдан ортиқ кадрларга оид идоравий ҳужжатлар тизим орқали қабул қилинди.
Миллий кадрлар захираси “zaxira.argos.uz” ахборот тизими амалиётга жорий этилди. 991 маҳаллий ҳокимлик, 417 давлат органи ва ташкилотлари, 1005 маҳалла фуқаролар йиғини даражасидаги давлат хизматчилари, 52 нафар фаол тадбиркорлар, шунингдек, 254 нафар Давлат бошқаруви академияси битирувчилари ҳамда 99 нафар “Раҳбар аёллар” дастури иштирокчилари бўйича маълумотлар шакллантирилди.
Ушбу ахборот тизимини “hrm.argos.uz” ахборот тизими билан интеграциялаш ишлари амалга оширилди.
“Давлат хизматчиси” мобил иловаси амалиётга жорий этилиб, унда давлат хизматига оид барча маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Иловани ўртача кунлик юклаб олиш 100-150 тани ташкил этмоқда. Бугунга қадар10 мингдан зиёд фойдаланувчи уни юклаб олди.
2024 йилнинг январь-июнь ойларида турли соҳаларга оид жами 69 ўқув курси ва 25 экспресс-тренинг ташкил этилди. Уларда жами 55 минг 715 нафар давлат фуқаролик хизматчилари иштирок этди.
“Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун 49 минг 204 нафар ходимга жойларда бир кунлик семинарлар ташкил этилди. 46 нафар фаол хотин-қизлар учун Давлат бошқаруви академиясида “Раҳбар аёллар мактаби” махсус ўқув курси ташкил этилди.
Халқ қабулхоналарида фаолият юритаётган 464 нафар раҳбар кадрлар учун махсус ўқув курси ташкил этилди. Янги тайинланган 25 нафар туман (шаҳар) ҳокимлари учун экспресс-тренинглар ташкил этилиб, уларда 125 нафар туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари ҳамда 662 нафар ҳокимликлар мутахассислари ҳам иштирок этди.
ilm.argos.uz таълим порталига 390 дан ортиқ видеоматериал, 240 дан ортиқ электрон адабиёт жойлаштирилди. Ҳозирда 63 мингга яқин давлат хизматчилари тизимда рўйхатдан ўтган.
Агентликнинг янги масофавий таълим платформаси (edu.argos.uz) тест режимида ишга туширилди. Йил якунига қадар 40 минг нафардан ортиқ давлат хизматчиларини масофавий малакасини ошириш режалаштирилган.
Ҳар жума куни “Сиёсий маърифат соати” ўтказилмоқда, уни 30 мингдан ортиқ давлат хизматчиси кузатиб бормоқда.
Салоҳиятли кадрлар резервидаги 97 нафар ҳоким ёрдамчиси ва 100 нафар ёшлар етакчисидан тестлар олиниб, уларнинг психологик портрети яратилди. 116 нафар “Раҳбар аёллар мактаби”га номзодларни саралаш бўйича психологик тестлар олинди.
Тизимли муаммоларни аниқлашга қаратилган иккита ижтимоий тадқиқот ўтказилди. Уларда 20 минг нафардан ортиқ респондент қамраб олинди.
Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида учта комплекс ўрганиш ва 490 мониторинг ўтказилиб, 2 минг 671 қонунбузилиш бўйича 113 тақдимнома, 79 маъмурий таклиф ва 194 огоҳлантиришлар киритилди.
Натижада 72 ноқонуний буйруқ бекор қилинди, 51 нафар ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ҳамда айбдор бўлган шахсларнинг 57 нафари маъмурий ва 62 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.
Н.Абдураимова, ЎзА