Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилди.
Бу “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида ўз ифодасини топган.
– Академиянинг асосий вазифаларидан бири этиб давлат хизматчиларининг малакасини мунтазам ошириб бориш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, бошқарув кадрларини магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларида ўқитиш белгиланди, – деди Академия масъул ходими Маъруф Жумаев. – 2025 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ходимларнинг касбий ривожланиш эҳтиёжларига асосланган ҳолда ташкил этилади ҳамда малака оширишнинг анъанавий, муқобил ва мустақил шакллари жорий этилади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси (ДСБА) томонидан қисқа муддатли курсларда фақатгина "Сиёсий" ва "Бошқарув" гуруҳларига мансуб давлат хизматчиларининг малакаси оширилади.
Академиянинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим дастурларида таҳсил оладиган давлат хизматчилари контингенти Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан шакллантирилади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг маълум қилишича, Агентлик Академия билан бирга 2025 йил 1 декабргача давлат фуқаролик хизмати "Ёрдамчи" гуруҳи лавозимлари учун, 2026 йил 1 мартгача "Сиёсий" ва "Бошқарув" гуруҳлари лавозимлари учун базавий компетенциялар моделини ишлаб чиқади.
Академияда 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматидаги раҳбарлар, раҳбарликка номзодлар ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар жорий этилади.
Қисқа муддатли курслар якунлари бўйича давлат хизматчиларининг олган билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ДСБАда муддати 6 ойгача бўлган қайта тайёрлаш таълим дастурлари жорий этилади. Геосиёсат, глобал хавфсизлик, барқарор ривожланиш, лойиҳа бошқаруви каби йўналишларда Президент Администрацияси топшириғига мувофиқ ташкил этиладиган махсус курслар, "Раҳбар аёллар" дастури (ташаббускор аёлларнинг раҳбарлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида), "Келажак лидерлари" дастури (истиқболли ёшларни давлат хизматига жалб этиш мақсадида), "Тизимли таҳлил, стратегик режалаштириш ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш" дастури, "Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш" дастури, "Кадрлар захирасини шакллантириш ва инсон ресурсларини ривожлантириш" дастури, "Давлат дастурлари ва лойиҳаларини самарали бошқариш" дастури шулар жумласидандир.
Қайта тайёрлаш таълим дастурларига номзодлар рўйхатини Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги шакллантиради ҳамда ҳар йили 1 июлга қадар Академияга тақдим этиб боради.
Н.Абдураимова, ЎзА