Давлат мукофоти топширилди
2026 йилнинг 28 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган эди. Улар орасида навоийлик шоира Салима Умарова ҳам бор.
Навоий вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Салима Умаровага “Фидокорона хизматлари учун” ордени топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш ва маънавий ҳаётни юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Салима Умарова 1954 йилда Карманада туғилган. Узоқ йиллар вилоят матбуотида, хусусан, “Дўстлик байроғи” газетасида самарали фаолият олиб борган. 2001 йилда “Шуҳрат” медали, 2008 йилда эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Бугунги кунга қадар унинг 20 дан ортиқ турли жанрлардаги китоблари, жумладан, 4 жилдлик “Сайланма” асарлари чоп этилган. “Инсон ҳақида қўшиқ”, “Қалб дафтари”, “Юракнинг ранглари”, “Райҳон ҳиди”, “Менинг келинчак қизим”, “Саодат йўли”, “Саодат қўрғони”, “Руҳафзо туйғулар”, “Офтобли кунлар”, “Бир қатим нур” каби бир қатор китоблари ўз мухлисларига эга.
[gallery-29724]
С.Умарова томонидан ташкил этилган “Ниҳол” тўгарагида сабоқ олган ёшларнинг бугун аксарияти Республикамизнинг турли нуфузли оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бормоқда. Бу тўгарак неча йиллар давомида ёш журналист кадрларни кашф этиш ва уларни соҳага кириб келишига мустаҳкам замин яратгани билан аҳамиятлидир.
Учрашувда Салима Умарованинг серқирра ижоди юзасидан самимий фикрлар билдирилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари