Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Фармон ва ижро
Семинарга нафақат миллий мутахассислар, балки халқаро молия институтлари ва нуфузли халқаро аудиторлик компанияларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ва фонд бозорининг профессионал иштирокчилари таклиф этилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда мазкур агентлик директори Сунатулла Бекенов (видеоконференцалоқа орқали Самарқанддан), Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров ва бошқалар Президент томонидан имзоланган фармон мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.
Фармон билан давлат улуши сақланиб қолаётган айрим тармоқлар ва йирик корхоналарда бозор механизмларига ўтишни таъминлаш, илғор технологияларни жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, хусусий капитални фаол жалб этиш ҳамда айни кўрилган чоралар натижасида янги иш ўринлари яратиш каби қатор масалаларни ҳал этиш талаб этилади. Мутахассислар таъкидлашича, фармон билан 32 та давлат иштирокидаги корхоналар трансформация қилинади. 39 та корхонада корпоратив бошқарув тамойиллари жорий этилади. 62 та корхонада сотуволди тайёргарлик ишлари олиб борилади. 479 та корхонадаги давлат улушлари тўлиқ, оммавий савдолар орқали сотилади. Шунингдек, 15 та йирик корхона ҳам хусусийлаштирилади. Ҳужжатда 507 та бозор ва савдо комплекслари ҳақида ҳам сўз боради. 3 ой муддатда мазкур савдо комплекслари лойиҳа офислари ташкил этилган ҳолда алоҳида ўрганилади. Бу жараёнда мулкдорларнинг ҳуқуқлари ҳимояланишига устувор вазифа сифатида қаралади.
– Президентимизнинг мазкур фармони иқтисодиётда давлат улушини кескин қисқартиришга, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарни бозор принциплари асосида ишлашга ўтказиш каби вазифалар ижросига қаратилган, – деди «UzAssets» АЖ инвестиция компанияси бошқаруви раиси ўринбосари в.б. Азизжон Қаҳҳоров. – Шу нуқтаи назардан, фармон бўйича рўйхатга киритилган йирик корхоналар трансформация қилинади. Иқтисодиётдаги етакчи тармоқларнинг бир қанча корхоналари хусусий секторга – инвесторларга сотилади. Олдинги хусусийлаштириш бўйича қабул қилинган қарорлардан фарқли жиҳати шундаки, бу ерда назорат қилувчи акция пакетлари, яъни давлат корхонасидаги давлат улуши қанча бўлса, тўлиқлигича савдога чиқарилмоқда. Бу инвестор учун жуда аҳамиятли, чунки бу янги сотиб олган корхонани бевосита назорат қилиш ҳуқуқини беради. Шу жараёнда Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳузурида ташкил этилган «UzAssets» АЖ инвестиция компанияси учун бозордаги профессионал ташкилотлар кўмаги зарур бўлади. Улар хусусийлаштириш жараёнини тўғри ва самарали ташкил этишга ёрдам бериши керак. Биз халқаро компанияларни ҳам бу жараёнга жалб қиляпмиз. Лекин асосий урғу маҳаллий иштирокчиларимизга қаратилади.
– Мамлакатингизда хусусийлаштириш ишларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш жараёни кетмоқда. Бироқ бунинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Муҳими, буни давлатингиз Президенти қўллаб-қувватламоқда. Чунки бу жараён жуда тўғри танланган йўлдир. Унда тадбиркорлик субъектлари ва фонд бозорининг профессионаллари иштироки назарда тутилмоқда. Айни чоғда бу борада турли фикр-мулоҳазалар, танқидий фикрлар ҳам мавжуд. Бу ҳам ижобий томонга ўзгаришига фойда беради. Масалан, биз орттирган катта Польша тажрибаси туфайли иқтисодиётимизни муваффақиятли хусусийлаштиришга эришдик. Аҳамиятли жиҳати шуки, Ўзбекистон ўз иқтисодиётини бошқариш ва хусусийлаштириш йўлида тўғри йўлни танлади, – деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг консультанти Марек Грабарек.
Тадбирда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Ҳозир бу клиникалар мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида фаолиятини бошлаган. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳар куни соат 12:00 дан 13:00 гача "Ўзбекистон" телеканалида “Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси” телелойиҳаси онлайн намойиш этилаётгани, агентликнинг 1082 кол маркази ташкил этилгани бу каби амалий ишлар самарасидир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА