Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, давлат улуши сақланиб қолаётган айрим тармоқлар ва йирик корхоналарда бозор механизмларига ўтишнинг кечикаётганлиги янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, илғор технологияларни жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, хусусий капитални фаол жалб қилган ҳолда янги иш ўринлари яратишга тўсқинлик қилмоқда.
Давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан 3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти тўлиқ ўрганилганлиги ва иқтисодиётда давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушини кескин қисқартириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қуйидагилар:
Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати 2-иловага мувофиқ;
Хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхати 3-иловага мувофиқ;
Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати 4-иловага мувофиқ;
Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 24 та штат бирлигидан иборат Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилсин. Мазкур штат бирликлари молия ва давлат солиқ хизмати органларининг 12 тадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилсин.
Департаментнинг асосий вазифалари этиб мазкур Фармоннинг 1-иловасида келтирилган давлат иштирокидаги корхоналарда қуйидагиларни амалга ошириш белгилансин:
Молия вазирлиги томонидан давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) ваколатлари ва функцияларини амалга оширишни ташкил этиш;
2021 йил 1 апрелга қадар 2019-2020 йиллар учун молиявий ҳисоботларни халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари (IFRS) асосида тайёрлаш ҳамда халқаро кредит рейтингларини олиш графигини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш;
2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир корхона учун нуфузли халқаро консалтинг ташкилотларини танлов асосида жалб қилган ҳолда молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш;
2021 йил 1 июлга қадар харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказиш ҳамда “мувофиқлик тизими” (комплаенс) ва коррупцияга қарши хизматларни шакллантиришни назарда тутадиган замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш;
2021 йил 1 июлга қадар кузатув кенгашларига ва корхоналар бошқарувига халқаро танлов асосида чет эллик соҳа мутахассисларини (жумладан, ватандошларни) фаол жалб этиш орқали кузатув кенгашлари таркибининг камида 30 фоизини ва корхона бошқарувининг камида 3 нафар раҳбар ходимини малакали халқаро мутахассислар билан тўлдириш.
3. Молия вазирлиги мазкур Фармоннинг 1-иловасидаги, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ушбу Фармоннинг 2-иловасидаги давлат иштирокидаги корхоналар бўйича:
2021 йил 1 январга қадар Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда халқаро стандартларга мувофиқ қайта баҳоланадиган конлар (давлат захиралари) рўйхати ва “йўл хариталари”ни тасдиқласин;
2021 йил 1 февралга қадар 2021 йил учун корхоналарнинг бюджет лойиҳасини ишлаб чиқсин;
2021 йил 1 июлга қадар 3 йиллик бизнес режаларини (жорий фаолияти, инвестиция лойиҳалари ва уларни молиялаштиришнинг аниқ манбалари, шу жумладан, халқаро молия бозорлари маблағлари ҳисобидан, молиявий модели) ишлаб чиқишни таъминласин;
2021 йил 1 июлга қадар корхоналарнинг барча инвестиция лойиҳаларини хатловдан ўтказиб, бошланмаган ҳамда молиявий манбалари аниқ бўлмаган лойиҳаларни тўхтатиш чораларини кўрсин.
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров) 2021 йил 1 январга қадар мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ушбу Фармоннинг 1 ва 2-иловаларидаги ҳар бир корхона кесимида “йўл хариталари"ни тасдиқласин.
4. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Агентлик:
2020 йил 1 декабрга қадар рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференцияларни хатловдан ўтказиб, уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
мазкур Фармоннинг 1 ва 2-иловаларида келтирилган корхоналарни трансформация қилиш жараёнлари билан биргаликда улар фаолият юритадиган соҳада бозор муносабатлари тамойилларига тўлиқ ўтиш, рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда хусусий секторни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқсин;
2021 йил 1 январга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда “Ўзагросервис” ва “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уларнинг фаолиятини бозор тамойиллари асосида йўлга қўйиш ва соҳада хусусий секторни ривожлантириш бўйича таклифлар киритсин.
5. Молия вазирлигига Департамент фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича ва Агентликка қуйидаги қўшимча ваколатлар берилсин:
танлов асосида халқаро миқёсда етакчи бўлган консалтинг, аудит, “хедхантер” ва бошқа зарур компаниялар ва экспертларни жалб қилиш ҳамда улар билан шартномалар тузиш;
лойиҳа офисларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва молиявий таъминлаш (бюджет, давлат иштирокидаги корхоналарнинг маблағлари, халқаро молиявий ташкилотларнинг грант ва қарз маблағлари).
6. Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (А.Арипов) 3-иловада келтирилган хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активларининг ҳар бири бўйича:
2020 йил 15 ноябрга қадар ишчи гуруҳлари шакллантирилишини;
2021 йил 1 февралга қадар хусусийлаштириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш учун консалтинг ташкилотлари жалб қилинишини ва амалга ошириладиган ишлар бўйича “йўл хариталари" ишлаб чиқилишини;
2021 йил 1 июлга қадар корхоналарни хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари ишлаб чиқилишини таъминласин.
7. Вазирлар Маҳкамаси (А.Раматов), Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров, Ш.Ҳидоятов), Агентлик (С.Бекенов) икки ой муддатда мазкур Фармоннинг 3-иловасида келтирилган давлат иштирокидаги лойиҳа-тадқиқот ташкилотларини қайта хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштиришга тайёрлаш, лойиҳа-тадқиқот ва қурилиш соҳасидаги нуфузли ташкилотларга сотиш ҳамда хусусийлаштириш бўйича “йўл хариталари"ни тасдиқласин.
8. Мазкур Фармоннинг 4-иловасидаги давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдоларга чиқарилишини самарали ташкил этиш бўйича масъул шахслар рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг янгиланган таркиби 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (А.Арипов)га:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда:
маҳаллий ва хорижий инвесторларни ҳудудларда сотувга чиқариладиган давлат активлари билан таништириш юзасидан зарур чораларни кўриш;
хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активларини ташқи инфратузилма тармоқлари билан узлуксиз таъминлаш;
хусусийлаштиришдан кейин корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлаши ва самарали фаолият кўрсатиши бўйича шарт-шароитларни яратиш;
инвесторларни жалб қилиш бўйича бошқа зарурий чораларни кўриш топширилсин;
в) Агентлик томонидан 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб мазкур Фармоннинг 4 ва 5-иловаларига мувофиқ корхоналар акция пакетлари (улушлари) ва кўчмас мулк объектларининг оммавий савдоларга чиқарилишини таъминлаш топширилсин;
г) қуйидаги қўшимча ваколатлар берилсин:
мазкур Фармоннинг 4 ва 5-иловаларидаги давлат акция пакетлари (улушлари), кўчмас мулк объектлари баҳоланган нархда оммавий савдоларда уч ой муддат давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич нархини Агентликнинг таклифига асосан қайта белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан сотилиши белгиланган давлат активларини сотиш шартлари ва шаклларини белгилаш;
кўчмас мулк объектлари ва келгусида шаклланадиган давлат акция пакетлари (улушлари) ҳамда давлат корхоналарини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларни сотиш шартлари, савдо тури ва оммавий савдолардаги бошланғич нархини белгилаш.
11. Белгилансинки, мазкур Фармоннинг 4-иловасига киритилган корхоналар:
давлат акция пакетлари (улушлари) битта лот асосида савдога чиқарилади;
соф активларининг пропорционал улушига тенг (соф активлари устав капиталидан кам бўлганда номинал) қийматда оммавий савдоларга чиқарилган қиймати 100 миллион сўмдан ошмаган давлат акция пакетлари (улушлари) уч ой давомида сотилмаган тақдирда, улушлар “1 сўм” бошланғич нархда, акция пакетлари “1 та акция – 1 сўмдан битта лот” тамойили асосида қайта савдога чиқарилади.
12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар ўз ваколати доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг қарорларига асосан инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилади;
давлат унитар корхоналари хўжалик жамиятларига ўзгартирилган ҳолда уларнинг давлат акция пакети (улуши) сотилади;
мазкур Фармоннинг 4-иловасидаги давлат унитар корхоналарини хўжалик жамиятларига ўзгартиришда уларнинг устав капитали хатлов ва баҳолаш ўтказмаган ҳолда солиқ органларига топширилган охирги бухгалтерия баланси маълумотлари асосида соф активлари қийматида, соф активлари манфий бўлган тақдирда, корхона устав капитали миқдорида белгиланади;
давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин;
давлат улушларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш шартномалари доирасида белгиланган графикка асосан қисман тўловни амалга оширган харидорларга тўлиқ тўловлар амалга оширилгунга қадар улуш қийматининг тўланган қисмига мутаносиб равишда жамият бошқарувида иштирок этиш ва дивидендлар олиш ҳуқуқи асосида “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” эгалик сертификати берилади;
давлат кўчмас мулки объектларини сотиб олиш шартномалари доирасида қисман тўловни амалга оширган харидорларга сотиб олиш тўловини тўлиқ амалга оширгунга қадар “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” давлат ордери берилади.
13. Агентлик Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда:
бозорлар ва савдо комплекслари аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари қошида бозор ва савдо комплексларини сотишдан олдин тайёрлаш ишларини амалга ошириш бўйича бошқарув компанияларини ташкил этиш;
илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлган бозор ва савдо комплексларини замонавий кўринишга келтириш, санитария-гигиена талаблари даражасида сақлаш, бозор фаолияти учун зарур инфратузилмани шакллантириш;
бозор ва савдо комплексларидаги хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш назарда тутилсин.
14. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.Умурзоқов, Л.Қудратов, Ш.Вафаев) Агентлик билан биргаликда:
а) мазкур Фармонга мувофиқ сотиладиган корхоналар акция пакетлари (улушлари) ва кўчмас мулк объектлари бўйича:
оммавий савдоларга чиқаришдан олдин маҳаллий ва халқаро инвесторларни жалб қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш учун мунтазам равишда учрашув, мулоқот ва тақдимотлар (“Road Show”) ўтказсин;
мазкур Фармоннинг 3-иловасидаги давлат иштирокидаги корхоналарга илғор тажрибага эга салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича манзилли ишларни ташкил қилсин;
б) 2021 йил 1 февралга қадар хорижий тажрибани ўрганган ҳолда махсус иқтисодий зоналар фаолиятига ташқи бошқарувни жорий этиш ҳамда уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Агентлик:
Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, уларни сотиш, ижарага ёки ишончли бошқарувга бериш;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги, тегишли вазирлик, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда уч ой муддатда давлат улуши устун мавқега эга бўлган корхоналар ва тижорат банкларининг асосий фаолиятига мос бўлмаган активларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни оммавий савдолар орқали сотиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:
муассаса сифатида қайта ташкил этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини;
филиал кўринишида қайта ташкил этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини;
давлат улуши сақлаб қолинадиган корхоналар рўйхатини;
тугатиш ёки банкротлик таомилларини қўллаш ташаббуси билан чиқиладиган истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини тасдиқласин.
17. Агентлик Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда “E-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончасида ўтадиган оммавий савдолар жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, субъектив ёндашувларни тўлиқ истисно қилиш ва харидорларга қулайлик яратиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин:
2021 йил 1 январга қадар ягона электрон савдо майдончасида амалга ошириладиган савдолар тартиб-таомилларини бирхиллаштириш бўйича ягона тартибни тасдиқлаш ва унинг асосида давлат органлари билан ўзаро интеграция қилинган савдо майдончасининг такомиллаштирилган дастурий таъминотини ишга тушириш;
2021 йил 1 январдан бошлаб барча аукцион савдолари натижаларини QR-кодни қўллаш орқали расмийлаштириш;
давлат кўчмас мулки объектлари ва улушларини сотиш бўйича такрорий аукцион савдоларини ҳар 10 календарь кунда бир маротаба даврийликда амалга ошириш;
харидорларнинг таклифларини аукционда лотлар эълон қилинган пайтдан бошлаб қабул қилиш;
давлат активларини сотиш шартларига мувофиқ бўлган буюртманома фақат бир нафар талабгор томонидан берилган бўлса, ушбу ягона иштирокчи билан олди-сотди шартномасини тузиш, бундан “1 сўм” бошланғич нархда савдога чиқарилган давлат улуши ва кўчмас мулк объектлари мустасно.
18. Агентлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва ёритишга қаратилган медиа-режани тасдиқласин ва унинг ижросини таъминласин.
19. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) Бош прокуратура билан биргаликда давлат акция пакетлари (улушлари)ни сотиб олган инвесторларнинг, шу жумладан, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, уларни жамият бошқарув органида иштирок этишида тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланганда қонунчиликда белгиланган қатъий чоралар кўрилишини таъминласин.
20. Вазирлар Маҳкамаси:
бир ой муддатда 2020-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш учун киритсин;
2020 йил 1 декабрга қадар “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритсин;
уч ой муддатда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиб, унификация қилган ҳолда хусусийлаштириш тўғрисидаги янгиланган низомларни тасдиқласин.
21. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 27 октябрь