Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилояти филиали томонидан “Адолатли ва халқчил давлат фуқаролик хизмати сари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда филиал раҳбари Зафар Султонов, Агентликнинг масъул ходими Гулчеҳра Ашурова иштирок этиб, филиал томонидан 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар, ОАВ вакиллари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматига кириш, кадрлар захирасини яратиш, малакасини оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган. Жумладан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” қонун қабул қилиниб, янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
– Давлат хизматига энг муносибларни танлаб олиш vacancy.argos.uz портали орқали амалга оширилиб, 47 та бошқарма ва идора ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги жами 4 070 та ваканциялар бўйича 43 мингдан ортиқ номзодлар ўртасидаги танловлар натижасида 694 нафари ишга қабул қилинди, – дейди Зафар Султонов. – Танлов ғолибларининг 121 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 157 нафари аёллар, 97 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади. Агентлигимиз томонидан муносиб кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида “zaxira.argos.uz” портали ишга туширилди. Ҳозирда вилоятимиз бўйича давлат ва нодавлат секторларда фаолият юритаётган 71 нафар номзод Миллий кадрлар захирасига киритилган. Муносиб деб топилган номзодларни раҳбарлик лавозимига тайёрлаш мақсадида Агентлик томонидан Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида махсус тайёрлаш дастури ишлаб чиқилган.

Дастурга мувофиқ йил давомида ҳар бир номзоднинг шахсий ривожланиш режалари ишлаб чиқилиб, мазкур режалар асосида уларни малакаси узлуксиз равишда ошириб борилмоқда.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасида натижа кўрсатган 35 нафар номзод Салоҳиятли кадрлар захирасига саралаб олинди ҳамда меҳнат фаолиятида ижобий ютуқларга эришган номзодларнинг 10 нафари Агентликнинг тавсиясига асосан юқори лавозимларга тайинланди.
Шунингдек, “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури битирувчилари ҳам Миллий кадрлар захирасига киритилиб, уларнинг 4 нафари бошқарув лавозимларида иш бошлади.
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларнинг “hrm.argos.uz” электрон платформаси ишга туширилиб, 137 та ташкилот мазкур платформага уланди ҳамда 2 миллион 787 мингдан ортиқ давлат хизматчиларининг маълумотлари рақамлаштирилди.

Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 2024 йил давомида давлат фуқаролик хизматчилари учун 15 дан ортиқ ўқув ва малака ошириш курслари ташкил қилиниб, уларда 2700 нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг анъанавий ва масофавий шаклда профессионал билим, кўникмалари оширилди.
Янги тайинланган туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг жамоалари фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида экспресс-тренинглар ташкил этилди.
Давлат фуқаролик хизматида баҳолаш (KPI, ЭМСК) тизимини жорий этиш бўйича 11 та туман (шаҳар)ларда ҳоким ўринбосарлари ҳамда сектор раҳбарлари фаолияти баҳоланиб, рейтинги шакллантирилди. Уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашни рақамлаштириш бўйича “samaradorlik.uz” электрон платформаси ишга туширилган.
Филиал томонидан 2024 йил давомида давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш, шунингдек, ўтказилган танловларни ташкил этилиши юзасидан 13 та давлат органи ҳамда ташкилотларида ўрганишлар амалга оширилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳамда камчиликлар юзасидан 13 та ташкилотга тегишли тақдимномалар киритилган бўлса, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 4 та ташкилот раҳбарининг маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш бўйича таклиф киритилди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва тўхтатиш бўйича жами 20 та ёзма огоҳлантиришлар киритилди.

Матбуот анжуманидан кейин номзодларни давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш жараёнлари билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Унда иштирокчиларга танловнинг барча жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
– Танловнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида номзодлар Face ID текширувидан сўнг, тест ишлашни бошлайди, – дейди филиал бош мутахассиси Дилшод Қодиров. – Ушбу босқич масъуллар томонидан тўлиқ назорат қилиб борилади. Давлат фуқаролик хизматчиларини синовдан ўтказиш модули – test.argos.uz платформасида ўтказилаётган тест синови натижалари автоматик тарзда номзоднинг шахсий кабинетига юборилади.
Пресс-тур иштирокчилари очиқ танловларнинг суҳбат босқичи жараёни билан ҳам яқиндан танишди. Улар Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси тизимидаги вакант бўлган Томди туман бўлими бошлиғи, Қизилтепа тумани маҳалладаги ёшлар етакчилари билан ишлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича бош мутахассиси ҳамда Кармана тумани бош ҳисобчиси лавозими учун танловнинг суҳбат босқичини кузатишди.
Кузатиш жараёнида вакант лавозимлар учун 110 нафар номзоднинг аризалари ўрганилгани ва улар малака талаблари асосида саралангани маълум қилинди. Танловнинг тест босқичидан ўтган 22 нафар номзод суҳбат босқичига тавсия этилган.
Суҳбат Комиссияси номзодларнинг соҳавий билимларини синовдан ўтказади. Энг муҳими суҳбат саволлари инсон омили аралашмайдиган махсус тизим (Рандом дастури) орқали тақдим қилинади.
Тадбирда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири