Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорининг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари мутахассислари, давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар, жамоатчилик билан алоқалар, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассислари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ҳамда юридик хизматларнинг мутасаддилари иштирок этди.
[gallery-9675]
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Ўктам Ҳамроев Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди, давлат хизматчиларининг ҳалол, адолатли, камтар ҳамда фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала ва самимий муносабатда бўлиши каби одоб-аҳлоқ қоидалари хусусида кенг тушунча ва маълумотлар берди.
Шунингдек, семинарда сўз олганлар томонидан давлат фуқаролик хизматчилари қарорда белгиланган вазифалар ижросига масъул эканлиги, фаолияти давомида ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак профессионал даражада бажариши, расмиятчилик, сохтакорликка йўл қўймаслиги, хизмат вазифасини суиистеъмол қилмаслиги хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий фаолияти самарадорлигини ошириш, одоб-аҳлоқ борасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилган мазкур семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА