Давлат бюджетининг ярим йилликдаги ижроси қандай баҳоланди?
Аввал хабар қилинганидек, бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисида”ги ҳисоботи қизғин муҳокама қилинди.
Депутатлар Давлат бюджети ижроси борасида айрим соҳаларда бюджет маблағларининг ишлатилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши ҳолатига алоҳида эътибор қаратдилар. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича ипотека кредитларига 814,2 млрд сўм субсидия берилгани, “Ташаббусли бюджет” тадбирларига 3,2 трлн сўм ажратилгани, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини яхшилашга 837,2 млрд сўм йўналтирилгани аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бюджетдан ажратилган 13,0 трлн сўмлик субсидияларнинг 5,5 трлн сўми ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларга (нодавлат мактабгача таълим муассасалари, жамоат транспорти, ижара ва контракт тўловлари), 5,0 трлн сўмга яқини энергетика ва иссиқлик таъминотида тарифлар фарқини қоплашга йўналтирилган.

Шунингдек, экология йўналишидаги саъй-ҳаракатлар учун 274 млрд сўм ажратилди. 104 гектар ҳудудда яшил боғлар ташкил этилди. Чўлланишнинг олдини олиш мақсадида 1000 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилинди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 660 км узунликдаги сув тармоқларини таъмирлаш учун маблағлар йўналтирилган.
Бундан ташқари, 37 та оғир даражадаги туманда аҳоли даромадларини ошириш, доимий даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Камбағалликни қисқартиришга қаратилган алоҳида дастур амалга оширилиб, давлат бюджетидан муайян маблағлар ажратилди.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан айрим муаммолар ва маблағлардан фойдаланишдаги камчиликларга танқидий муносабат билдирилди. Жумладан, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ажратилган марказлашган инвестиция харажатлари режага нисбатан 88,6 фоизга, фан соҳаси харажатлари 85,4 фоизга, ободонлаштириш ишлари 89,2 фоизга ижро этилгани танқид қилинди. Айрим йўналишларга ажратилган маблағларни ўз вақтида ўзлаштирмаслик ва тўлиқ ишлатилмаслик сабаблари юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўралди.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан Давлат бюджети ижроси самарадорлигини ошириш ва бюджет интизомини кучайтириш мақсадида бюджет маблағларини ажратишда натижадорлик ва мақсадли индикаторларга эришиш устидан мониторингни кучайтириш, инвестиция дастурларига киритилган объектларни фойдаланишга топшириш муддатларига қатъий риоя этиш, солиқ ва божхона имтиёзларининг самарадорлигини ҳар бир соҳа ва корхона кесимида чуқур таҳлил қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бюджет даромадларининг барқарор ўсиши, соҳа ва тармоқларни қўллаб-қувватлаш, ижро интизомига амал қилиш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишларни қатъий давом эттириш бўйича фикр билдириб, бюджет ижросига нисбатан фракция позициясини айтиб ўтдилар.
Мажлис якунида Қонунчилик палатасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳамда билдирилган таклиф ва тавсияларни амалга оширишга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА