“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида фракция раҳбари А.Ҳамзаев юртимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида рўй берган муҳим воқеалар ҳақида сўз юритди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида амалга ошириш режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишгани, унда партия йўналишларига мос қатор вазифалар жамланганига урғу берилди. Мазкур тақдимотда айтилган вазифаларнинг амалга оширилиши борасида фракция томонидан фаол депутатлик назоратини олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, 10-11 ноябрь кунлари Анталияда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси тадбирларида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг халқаро экологик аҳамияти қайд этилди.
Йиғилишда шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг манфаатларини кўзлаб судларга даъво аризаларини киритишда давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилган. Аммо пудрат корхоналари томонидан сувни тежайдиган технологияларни ўрнатишда қурилмаларга кафолат муддати бериш, шунингдек, ушбу технологияларни эксплуатация қилишда сервис хизматлари кўрсатишда айрим камчиликлар юзага келиши сабабли, баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан жорий қилинган сувни тежайдиган технологиялардан экинларни суғориш мавсумида фойдаланмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг манфаатларини кўзлаб судларга даъво аризаларини киритишда давлат божини тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасидаги нормалар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга, уларнинг фаолиятида ортиқча харажатларнинг олдини олишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Муҳтарама Комилова,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА