Давлат бассейн қуриш харажатининг ярмини қоплаб беради
Туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун яна бир муҳим қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилди.
Энди замонавий сузиш ҳавзаси (бассейн) қуришни режалаштираётган тадбиркорлар давлатдан 100 миллион сўмгача субсидия олиш имконига эга бўлади.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан “Янги замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш” нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Унга кўра, давлат бассейнни қуриш ва фойдаланишга топшириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган қисмини қоплаб беради.
Мазкур дастур доирасида 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача фойдаланишга топшириладиган дастлабки 100 та замонавий сузиш ҳавзаси учун субсидия ажратилади.
Субсидиядан фойдаланиш учун тадбиркор солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздор бўлмаслиги, қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги,фаолияти қонунчиликка мувофиқ вақтинча тўхтатилмаган бўлиши ҳамда суд қарори билан тўловга қобилиятсиз деб топилмаган бўлиши лозим.
Тадбиркорлар аризани Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Туризм қўмитасига тақдим этади.
Аризага сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва ишга тушириш бўйича пудрат шартномаси, амалга оширилган тўловларни тасдиқловчи электрон ҳужжатлар илова қилинади.
Туризм қўмитаси харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилгач, 10 иш куни ичида субсидия маблағи тадбиркорнинг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА