Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари чегарасидаги М–39 халқаро автомобиль йўлининг 1326-километрида жойлашган “Дарбанд” мунтазам йўл-патрул постидаги юк автомобиллари оғирлигини ўлчаш учун ўрнатилган тарози вилоят ҳокими У.Қосимовнинг қариндошига тегишли экани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарга вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдириб, “Дарбанд” постида ўрнатилган “Tenso M VA–20P” русумли юк тарозисини Бойсун тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги қарорига мувофиқ ўрнатганини маълум қилди.
Расмий муносабатда айтилишича, мазкур тарози хусусий шахсга эмас, балки давлат корхонасига тегишли бўлиб, у вилоят ҳокимининг қариндошига алоқадор экани ҳақидаги маълумотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди. “Дарбанд” постидаги юк оғирлигини ўлчаш тизими – йўл инфратузилмасини сақлаш, автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ортиқча юк ташиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида юқоридаги меъёрий ҳужжатлар асосида ўрнатилган.
Ҳозир вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси “Дарбанд” постидаги назорат жараёнларини 24/7 режимида кузатув ва таҳлил остига олган.
Олиб борилган текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим оғир юк машиналари оғирлик назоратидан қочиш мақсадида пост яқинида сунъий тирбандлик ҳосил қилган. Яъни, икки йўналиш бўйича 30-40 тадан ортиқ юк автомобили йўл четида тўхтаб турган ҳолда ҳаракатни тўсиб қўйган. Уларга белгиланган тартибда назоратдан ўтиш ва ҳаракатни давом эттириш таклиф этилган бўлса-да, айрим ҳайдовчилар буни рад этиб, тирбандликни сунъий равишда кучайтиришда давом этмоқда. Шунга қарамай, меъёрдаги юк билан ҳаракатланаётган транспорт воситалари белгиланган тартибда вазн назоратидан тўсиқсиз ўтмоқда. Уларнинг ҳаракатида ҳеч қандай муаммо кузатилмаяпти.
Муносабат якунида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган асоссиз маълумотларга ишонмасликни ва фақат расмий манбаларга таянишни тавсия этган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири