
Бойсун тумани ИИБ ЖҚБ, ЙҲХГ ҳамда “Дарбанд” ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙҲХХ ходимлари ўтказган “Тозалаш-Антитеррор” тезкор профилактик тадбири чоғида бугун соат 03:00 атрофида “Тошкент-Денов” йўналишида ҳаракатланиб келаётган "Исузу" русумли автомашинани тўхтатади.
Денов тумани Кўчакли маҳалласида яшовчи Собир Ниёзов (исм-шариф ўзгартирилди) бошқарувидаги мазкур автомашина юкхонаси кўздан кечирилганида полиэтилен қопларда бўлган йирик миқдордаги пиротехника воситалари борлиги маълум бўлади. Унинг 52 блок (520 пачка)си Қирғизистон Республикасида ишлаб чиқарилган “ТРЕНИЯ” ёзувли, 44 блок (440 пачка)си “БРИТАНИК”, 143 донаси “Салют” ёзувли пақилдоқ экани аниқланди.

Шундай қилиб, осойишталигимиз посбонлари Сурхондарё вилоят ҳудудига яширинча олиб келинаётган 57 минг 600 дона "ТРЕНИЯ" ва "БРИТАНИК" ҳамда 143 дона “Салют” пиротехник воситасини тўхтатиб қолди.
Холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган пақилдоқлар кимга тегишли экани автомашина ҳайдовчисидан сўралганида Денов тумани Наврўз маҳалласида яшайдиган Йўлдош Пирриевники экани аниқ бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бойсун тумани ички ишлар бўлими ЖҚБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА