“Dance Music Fest 2019” замонавий мусиқа ҳамоҳанглигида
Пойтахтимиздаги “Aшхобод” маданият ва истироҳат боғида халқаро “Dance Music Fest 2019” фестивали бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги “Aшхобод” маданият ва истироҳат боғида халқаро “Dance Music Fest 2019” фестивали бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Art uz Promotion агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда чет эллик хонанда, бастакор ва продюсерлар, талаба-ёшлар, сайёҳлар, маданият тарғиботчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“Dance Music Fest 2019“ ёшлар аудиториясига мўлжалланган ўзига хос халқаро электрон мусиқа фестивали ҳисобланади. 2017 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу фестиваль нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки яқин ва узоқ хорижий давлатлар орасида ҳам катта шуҳрат қозонмоқда. Бу йилги фестиваль янада қизиқ ва оммабоп тадбирларга бой бўлди. Унда дунёнинг кўплаб машҳур санъаткорлари жалб этилди.
Фестивални ўтказишдан мақсад мамлакатимизда мусиқа ва ёшлар туризмини ривожлантириш, чет элда юртимиз сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари эътиборини замонавий мусиқа маданиятига жалб қилишдан иборатдир.


