Далада баҳорги ишлар жадал
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов оқсоқол-маслаҳатчилар ва мутасаддилар билан бирга қишлоқ хўжалигидаги баҳорги ишлар ижросини ўрганмоқда.
Чуст туманидаги фермер хўжаликларида ер текислаш, плёнка остига чигит экиш, пушта олиш ҳамда ғалла парвариши ишлари кўздан кечирилди.
Ишчи гуруҳи “Зарафшон” ва “Нурафшон” ММТП ҳудудларида жойлашган қатор фермер хўжаликларида бўлиб, чигит экишга тайёргарлик, бегона ўтларга қарши ишлов бериш, замонавий агротехнологияларга риоя этилиши, шунингдек, ғаллани озиқлантириш ишлари билан танишди.
[gallery-28623]
“Чуст ҳосили” МЧЖ майдонларида 19 мартдан бошланган чигит экиш ишлари дастлабки натижаларни бермоқда. Айрим участкаларда уруғлар бир текис униб чиққан.
— Энг муҳими, ниҳоллар пайдо бўлган майдонларда биринчи агротехник ишловни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, касалликларга қарши ҳимоя чораларини кучайтириш зарур, - деди вилоят ҳокими.
“Машъал” ММТП ҳудудидаги “Мунчоқтепа тонги” фермер хўжалигида ҳам чигит экиш жараёнлари ўрганилиб, хорижий уруғликни талаб асосида экиш муҳимлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, жорий йилда туманда 3504 гектар майдонда пахта етиштириш режалаштирилган. Шундан 1164 гектарда Шинжон усули асосида экиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу усул сув тежаш ва ер унумдорлигини оширишда самара бермоқда.
Вилоят раҳбари томонидан дала ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА