“Дала куни – 2026” халқаро илмий анжуманида селекция соҳасининг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди
Россия Федерациясининг Краснодар шаҳрида машҳур селекционер олим, академик Павел Пантелеймонович Лукьяненко таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан “Дала куни – 2026” халқаро илмий-амалий анжумани ташкил этилди. 350 нафардан ортиқ олим ва мутахассис иштирок этган илмий анжуманда Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори, профессор Бунёд Мамараҳимов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди.
Анжуман доирасида селекция ва уруғчилик соҳасининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги соҳасида эришилаётган илмий ютуқлар, янги юқори ҳосилли навларни яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Тадбирда Лалмикор деҳқончилик илмий тадқиқот институти директори Бунёд Мамараҳимов ҳам сўзга чиқиб мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳада эришилган ютуқлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, иштирокчилар тажриба майдонларида намойиш этилган юртимизда етиштирилган буғдой, арпа, сули, мойли ва дуккакли экинларнинг янги навлари билан танишди.
Тадбир доирасида ўтказилган учрашув ва музокараларда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, навлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда уруғчилик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, селекция ва уруғчилик йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича амалий ишлар ҳақида маълумот берилди.
Анжуман якунида Россия Миллий дон маркази, Бутун Россия мойли экинлар илмий-тадқиқот институти ва Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган келишувларга эришилди.
Қайд этилганидек, мазкур келишувлар навлар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар ва тажриба-синов ишларини ташкил этиш орқали аграр илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА