Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дала четлари ва зовурлар атрофидаги ҳудудлардан фойдаланиш ҳолати кўздан кечирилди

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона шаҳрида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланган медиа-режага асосан, “Дала четлари ва зовурлар атрофидаги ҳудудлардан самарали фойдаланиш мақсадида турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш” мавзусига бағишланган пресс-тур ўтказилди. Пресс-турга журналист ва блогерлар, томорқа ер эгалари ҳамда фитосанитар давлат инспекторлари таклиф этилди.  

Иштирокчиларга Фарғона шаҳридаги “Соҳибкор” МФЙдаги боғлар ҳудудидан самарали фойдаланиб, минглаб мевали дарахт кўчатлари экилгани намуна сифатида таништирилди.  

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрда “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда дала четлари, аҳолининг томорқа ва хонадон ерлари, кўп қаватли уйлар ва маҳалла ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тартиби белгилаб берилган. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига маҳсулот етиштиришни ташкил этиш, уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, шунингдек етиштирилган маҳсулотни экспортга юбориш вазифалари юклатилган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли ишлари олиб борилмоқда.  

Айни жараёнда ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлим шароити ўрганилиб, мониторинг ишлари хулосаси асосида 2 миллион тупдан зиёд олча, олхўри, узум, анор, беҳи, жийда ва тут каби 7 турдаги дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, вилоят бўйлаб 5 минг гектардан кўпроқ ариқ-зовур, коллектор атрофларига 4,5 миллион тупга яқин янги ниҳоллар ўтқазилди. Ҳозирда ушбу кўчатлар парвариши, агротехник тадбирлар ўтказиш ҳамда турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспекторлари, фитосанитар лаборатория мутахассислари яқин кўмакдош бўлмоқда. Бу борада ижтимоий тармоқда “Агрокўмакчи” мобиль иловаси ҳам ташкил этилган.  

– Айни пайтда хўжалигимиз тасарруфида 16,7 гектар мевали боғлар мавжуд, - дейди “Соҳибкор” МФЙда жойлашган “Лочинбек баҳори” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Ортиқали Холматов. – Кейинги йилларда соҳага илм-фан ютуқлари, инновациялар кенг жорий этилаётгани туфайли босқичма-босқич эски, самарасиз боғлар янгилаб борилмоқда. Шу тариқа хўжалигимизнинг 60 фоизи янгиланиб, экспортбоп олча, ўрик, шафтоли, нок, беҳи кўчатлари экилди.  

[gallery-22643]

Боғдорчилик фермер хўжалигида бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотда тажрибали фермер соҳа мутахассислари ёрдамида олиб бораётган ибратли ишлари ҳақида маълумот берди. Мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, тадбир иштирокчилари мевали боғдаги дарахтлар парвариши, дала четларидан унумли фойдаланиш тажрибаси билан яқиндан танишди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА