Германиянинг Франкфурт шаҳрида жаҳондаги энг йирик фармацевтика саноати кўргазмаларидан бири — 36-Халқаро фармацевтика кўргазмаси “CPhI Worldwide – CPhI Frankfurt 2025” ўз ишини бошлади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон ушбу нуфузли тадбирда миллий стенд билан илк бор иштирок этаётир. Лойиҳа доирасида 5 та маҳаллий фармацевтика компанияси ўз маҳсулот ва ечимларини намойиш этмоқда.
“CPhI Frankfurt” кўргазмаси дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва таъминотчиларини — субстанциялар, тайёр дори воситалари, қопламалар, ускуналар, технологиялар ҳамда биофармацевтик ечимлар соҳасидаги компанияларни бир майдонга жамлайди.
Ўзбекистон миллий стенди мамлакат фармацевтика соҳасининг салоҳиятини намойиш этиш, маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорга илгари суриш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим платформа вазифасини бажаради.
Бу йилги кўргазмада 70 дан зиёд давлатдан 2 500 дан ортиқ компания ва брендлар иштирок этяпти. Улар орасида Германия, Швейцария, Ҳиндистон, Хитой, Италия, АҚШ, Туркия, Корея Республикаси ва Япониянинг етакчи фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ҳам бор. Миллий павильонлар Ҳиндистон, Хитой, Канада ва илк бор Ўзбекистон томонидан ташкил этилди.
Экспозициянинг асосий йўналишларига фармацевтик ингредиентлар (API), тайёр дори воситалари (FDF), биофармацевтика ва ҳужайравий технологиялар, контракт ишлаб чиқариш ва аутсорсинг (CRO, CMO, CDMO), қоплаш ва логистика, ишлаб чиқариш ускуналари ва технологиялари, лаборатория ечимлари ҳамда рақамли фармацевтика киради.
Бу йил махсус эътибор BioProduction секторига қаратилган бўлиб, у биотехнология, ҳужайравий муҳандислик ва шахсийлаштирилган тиббиёт соҳасидаги илғор ечимларни қамраб олади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “CPhI Frankfurt 2025” кўргазмасида миллий стенд билан иштирок этиши миллий фармацевтика саноатини жаҳон фарма жамоасига интеграция қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни глобал бозорда тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
36-Халқаро фармацевтика кўргазмаси “CPhI Worldwide – CPhI Frankfurt 2025” 30 октябрга қадар давом этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА