COP31: "яшил" энергетика ва барқарор транспортни молиялаштириш масалалари муҳокамада
Шу кунларда Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасида тадбирлар ўтказилмоқда. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этмоқда.
Нуфузли анжуман доирасида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, энергетика ва транспорт соҳаларини модернизация қилиш, шунингдек, экологик лойиҳаларни молиялаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Саммитнинг иккинчи кунида халқаро молия институтлари ва хусусий сектор вакиллари иштирокида энергетика самарадорлиги, электр транспорти ва логистика тизимини экологик талаблар асосида ривожлантиришга бағишланган қатор мулоқотлар ташкил этилди.
Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми вакили Франсиско Бетти модераторлигида ўтказилган «Барқарор мобиллик трансформациясини молиялаштириш» мавзусидаги панель муҳокамасида электр автомобиллар бозорини кенгайтириш, қувватлаш инфратузилмасини ривожлантириш ва транспорт соҳасига хусусий инвестицияларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, экологик тоза транспортга ўтиш фақат автомобиль харидини молиялаштириш билан чекланмайди. Бу жараён қувватлаш тармоқлари, аккумулятор технологиялари, рақамли хизматлар ва мослашувчан молиявий механизмларни комплекс ривожлантиришни талаб этади.
Шунингдек, саноатда энергия самарадорлигини ошириш ва кам углеродли ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Осиё тараққиёт банки, молия муассасалари ва саноат корхоналари вакиллари иштирокидаги мулоқотда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, энергия сарфини камайтириш ҳамда экологик лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини таъминлашга қаратилган инвестиция механизмлари кўриб чиқилди.
Амалий ҳамкорлик мисоллари қаторида саноат корхонасининг ишлаб чиқариш линиясини модернизация қилиш учун ажратилган 13 миллион евролик молиялаштириш, шунингдек, тўқимачилик соҳасида энергия тежамкор ускуналарни харид қилишга кўмаклашувчи молиявий ечимлар келтирилди.
Барқарор транспорт ва логистикага бағишланган навбатдаги сессияда эса кичик ва ўрта бизнеснинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, энергия тежамкор транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда юк ташиш тизимида углерод чиқиндиларини қисқартириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Экспертлар фикрича, энергетика ва транспорт соҳаларида “яшил” трансформацияни жадаллаштириш учун молиявий ресурслар билан бир қаторда замонавий технологиялар, техник маслаҳат ва халқаро тажриба алмашинуви ҳам муҳим аҳамиятга эга.
COP31 доирасидаги ушбу мулоқотлар иқлим мақсадларига эришишда давлат, халқаро молия институтлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Асосий эътибор эса экологик ташаббусларни аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантириш, иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ва барқарор ривожланиш учун узоқ муддатли молиявий имкониятларни кенгайтиришга қаратилмоқда.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия