Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигидаги мамлакатимиз спорт делегацияси Англиянинг Манчестер шаҳрида “City Football Group” холдинг компанияси ва "Манчестер Сити" клуби билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
“City Football Group” холдинг компанияси бош операцион директори Руль де Фриц, бошқарув директори Денни Уилсон, футбол бизнеси бўйича бош директори Клайв Ривз ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича мутахассислар билан истиқболли лойиҳаларни хусусан, ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқиш масаласида фикрлашди.

Ўзбекистон футбол тизимида инновацион ёндашувлар, замонавий академия ташкил этиш, клублар инфратузилмасини яхшилаш ва халқаро тажрибани жорий этиш каби муҳим йўналишлар таҳлил этилди.

Ўз навбатида, компания вакиллари миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига йўл олгани Ўзбекистонда футбол ривожи юқори даражага чиқаётганидан далолат беришини, миллий терма жамоамиз ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг Англия клубига трансферидан кейин ўзбек футболига қизиқиш халқаро майдонда янада ортганини таъкидлашди.


Қизиқарли ўтган суҳбат якунида ўзбек футбол клубларидан бирини “City Football Group” тизимига интеграция қилиш борасида икки томонга ҳам манфаат келтирадиган жиҳатлар борасида сўз борди.
Т.Рўзиев,
ЎзА