14 май куни “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокидаги “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш (2-босқич)” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори [ПҚ-172-сон] қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш (2-босқич)” лойиҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
— Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами 320 та маҳаллага, сут етиштирувчи 12 мингта аҳоли ва деҳқон хўжалигига хизмат кўрсатувчи 100 та сут йиғиш пунктини ташкил этиш;
— 865 нафар аҳоли ва деҳқон хўжалигига сутни қайта ишловчи корхоналарни ташкил этиш ва модернизация қилишга 250 минг АҚШ долларигача имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш;
— сут етиштирувчи ва сотиб олувчиларни бирлаштирадиган Миллий сут маҳсулотлари платформаси дастурий таъминотини ишга тушириш.
Лойиҳани амалга ошириш даври 7 йил [2025–2031 йиллар] этиб белгиланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА