Жаҳон савдо ташкилотининг талабига кўра, чорвачилик озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт ва сут маҳсулотлари) хавфсизлигини таъминлаш, уларни экспорт қилиш ва халқаро савдода иштирок этиш учун ҳайвонлар идентификация қилиниши керак.
Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти (WOAH)нинг кўрсатмасига асосан ҳайвонларни идентификация қилиш қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиниши белгиланган.
Шу мақсадда Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 24 августда “Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Шу асосда “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. 2025 йил 6 августда қабул қилинган мазкур қонунда нималар назарда тутилган?
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова шу саволга жавоб берди:

– Чорвачилик – иқтисодиётнинг муҳим соҳаларидан бири бўлиб, мазкур тармоқни ривожлантириш иқтисодий барқарорлик ҳамда аҳолини сифатли ва кафолатланган озиқ-овқат билан таъминлашнинг муҳим омилидир.
Маълумотларга қараганда, ҳозирда юртимизда йирик шохли моллар 14 миллион, майда шохли моллар 24 миллион бошни ташкил этиб, уларнинг қарийб 90 фоизи аҳоли қарамоғида парваришланади.
Бугунги кунда ҳайвонларни идентификация қилиш ишлари тўлиқ қамраб олинмаганлиги уларда ўта хавфли юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш ва эпизоотик барқарорликни сақлаб туриш имкониятини чекламоқда.
Электрон идентификация тизими етарлича жорий этилмаган. Ҳайвонларнинг аниқ ҳисобини юритишдаги муаммолар сақланиб қолган ва маълумотлар базаси марказлашмаган.
Шу каби масалларга ечим беришга қаратилган қонун ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Қонунда соҳада қўлланиладиган асосий тушунчалар (ҳайвонлар, ҳайвоннинг идентификация рақами, ҳайвонларни рўйхатга олиш, ҳайвонларни кузатиш, ҳайвоннинг эгаси) очиб берилди.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатли орган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси) белгиланди.
Шу билан бирга, ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга доир умумий талаблар ҳамда муддатлар ўрнатилди.
Қорамол, қўйлар, эчкилар ва туялар – туғилганидан ўн тўрт кундан кейин, отлар – туғилганидан тўрт ойдан кейин, чўчқалар – туғилганидан бир ойдан кейин, итлар ва мушуклар – туғилганидан уч ойдан кейин, сақлаш ва (ёки) кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ҳайвонлар олиб кирилган санадан эътиборан йигирма бир кундан кечиктирмай идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши керак. Ҳайвонлар сўйилган (нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган) ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган тақдирда етти кунлик муддатда ҳисобдан чиқарилиши лозим.
Эндиликда Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш бўйича тадбирларни ташкил этади. Ээлектрон ахборот тизимини мувофиқлаштиради ва реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлайди.
Электрон ахборот тизимида ҳайвонлар, уларнинг эгаси, идентификация қилиш воситалари тўғрисидаги маълумотлар, ҳайвонларнинг идентификация рақамлари, ҳайвонлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган, сўйилган (нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган) ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган вақти, ҳайвонларда учрайдиган касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Қонунда ваколатли давлат органи вакилининг ҳамда ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган.
Қонун ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон базаси, шунингдек, чорва ҳайвонларини сақланиши ва ҳаракатлари (миграцияси)ни тартибга солиш ва доимий мониторинг қилиш тизими яратилишига хизмат қилади.
Бу билан ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига давлат томонидан бепул тўлиқ профилактик эмланишига эришилади. Натижада ҳайвонларнинг турли юқумли касалликларга чалиниши ва нобуд бўлишининг олди олинади.
Идентификация қилинган ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги таъминланиб, ички ва ташқи бозорларда сотиши кафолатланади.
Қонун билан ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, ваколатлари белгиланиши билан бир қаторда хонадон эгалари (аҳоли)га ҳайвонлардан юқадиган ўта хавфли юқумли касалликлар юқишининг олдини олиш тизими шакллантирилмоқда.
Республика ҳудудига ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишининг олди олинади. Ветеринар осойишталикни таъминлашга йўналтирилган тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш имкони яратилади.
Эслатиб ўтамиз, қонун 2026 йил 7 августдан кучга киради. Қонуннинг 12-моддаси (“Ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”)га оид иккинчи қисми (Ҳайвоннинг эгаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши; ўзига тегишли бўлган ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш учун, шунингдек ҳайвоннинг эгаси алмашган тақдирда қайта рўйхатга олиш учун ваколатли давлат органига қонунчиликда белгиланган муддатларда электрон тарзда ёки тўғридан-тўғри мурожаат қилиши; идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларнинг сақланишига ва (ёки) кўпайтирилишига йўл қўймаслиги шарт) 2028 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА