“Чўғ” – Фахриддин Ҳайитнинг янги китоби
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Китобсевар миллат» шиори остида ўтказилаётган VI Республика китобхонлик ҳафталиги доирасида «Дунё нашр» нашриёти томонидан чоп этилган янги китоб мухлисларга таништирилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Фахриддин Ҳайитнинг “Чўғ” номли китоби тақдимоти кўпчиликда катта таассурот уйғотди.

Фахриддин Ҳайит замонавий ўзбек шоири ва журналисти сифатида адабиёт мухлислари меҳрини қозонган. Унинг ижодида она тили, миллий ўзликни англаш ва ижтимоий масалалар муҳим ўрин тутади. Шоирнинг «Ур тўқмоқ»қа айлан, тилим!» номли она тилига бағишланган мақола ва шеърлари кенг оммалашгани билан диққатга сазовор. Шунингдек, пандемия даврида ёзилган «Жанггоҳ» шеъри халқнинг сабр-тоқати ва матонатидан сўзлайди.

Шоирнинг ижодида ватанпарварлик, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва тил муҳофазаси бош мезон ҳисобланади. Унинг ижод намуналари ва мақолалари нуфузли адабий ва ижтимоий порталларда мунтазам ёритиб борилади.
Адабий анжуманда шоирнинг сермаҳсул ижоди, ўзига хос услуби ва инсон қалбидан жой олувчи шеърияти ҳақида батафсил сўз юритилди. Унинг шеърларидаги долзарблик, дард, изтироб туйғулари тирик ижодкорнинг барча шеърларида учраши эътироф этилди. Зеро, шоирнинг шеърлари юракдан чиққани боис, юракка етиб боради.

Фахриддин Ҳайитнинг шеърларини ўқир экансиз, ўз кўнглига манзур бўладиган таскинни топасиз, мутолаага кетган вақтингиздан рози бўласиз, рост ва тирик сўз ўқийсиз. У бугунги давр ижодкорлари орасида ўз услубига эга шоир.
Шоирнинг «Илинж» (2004) ва «Ҳар юракда бир Ватан» (2009) номли шеърий тўпламларида миллий ўзлик, Ватан, истиқлол, ҳурриятнинг қадр-қиммати, она тилимизга эътибор, бебаҳо қадриятларимиз қадри тараннум этилган.

Ушбу тўпламнинг “Чўғ” деб номланиши ҳам бежиз эмас, унда шоирнинг қалб қўридаги оташин чўғ яшнаб, кўнгилларга ҳарорат бахш этиб туради, чунки бу китобга кирган шеърлари орқали ижодкорнинг кўнгил кечинмалари, Ватан, истиқлол, беғубор туйғуларни акс эттирган.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири