Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг Чирчиқ шаҳридаги филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Ҳукуматнинг мазкур қарори билан “М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университети” нотижорат акциядорлик жамиятининг Чирчиқ шаҳридаги филиали ташкил этилади.
Филиал фаолияти қуйидагилардан иборат бўлади:
иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига мувофиқ юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;
таълим, илм-фан ҳамда ишлаб чиқаришнинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойиллари, шунингдек, жаҳоннинг нуфузли ўқув-илмий марказлари билан уйғун интеграциялашув асосида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш;
замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш жараёнига илғор ҳамда масофавий технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни ва кўп йиллик иш стажига эга бўлган амалиётчиларни жалб этиш;
хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш;
илмий ва илмий-педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ҳамда сифатини узлуксиз ошириб бориш, хорижий давлатлардаги етакчи олий таълим ташкилотларида малака оширишини ва стажировка ўташини таъминлаш;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.
Филиал Университетнинг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Филиал кадрларга бўлган эҳтиёж асосида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ишларини амалга оширади.
Абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш ишлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда, Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади
Битирувчиларга Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.
ЎзА