Коммунал хизматлар учун ўз вақтида тўловларни амалга ошириш соҳадаги хизматлар самарадорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
“Махсустранс” давлат корхонасининг маълум қилишича, 2025 йил 8 июндан бошлаб чиқинди учун тўловлар электр энергияси тўловлари билан интеграция қилинган тартибда амалга оширилмоқда. Яъни, чиқиндидан қарзи борлар энди электр энергияси учун тўловни амалга оширолмайди.
Ушбу ўзгариш доирасида чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларга огоҳлантирув хабарлари қисқа СМС-хабарлари кўринишида юборилмоқда.
“Махсустранс” ДКнинг қайд этишича, аҳолидан ундириладиган чиқинди тўловлари ўртача даромад даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган бўлиб, ушбу маблағлар чиқиндиларни махсус полигонгача ташиш ва уларни зарарсизлантириш (рекультивация) харажатларининг ҳаммасини ҳам тўлиқ қоплай олмайди.
Шундай экан, мазкур хизматлардан фойдаланишда узилишларга йўл қўймаслик ва ортиқча ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида тўловларни белгиланган муддатларда амалга ошириш лозим бўлади. Бунда, албатта, аҳолининг экологик маданияти ва масъулияти муҳим ўрин тутади.
М.Комилова, ЎзА