Чиқиндидан биогаз ва энергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Сирдарё туманидаги “Султон” фермер хўжалигида чорвачиликни замонавий ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилади. Хўжаликда ҳайвон чиқиндиларини қайта ишлаш орқали биогаз ва муқобил энергия манбаларини ишлаб чиқариш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда фермер хўжалиги раҳбари Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг хўжаликка ташрифи давомида маълум қилди. Ташриф чоғида чорвачилик комплексидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишилди, мавжуд инфратузилма ҳолати кўздан кечирилди ҳамда соҳа мутахассислари билан мулоқот ўтказилди.


Муҳокамаларда қайд этилишича, биогаз технологиясини жорий этиш орқали хўжаликда ҳосил бўладиган органик чиқиндилар фойдасиз маҳсулот сифатида эмас, балки қимматли ресурс сифатида қайта ишланади. Натижада ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур бўлган энергиянинг бир қисми ички манбалар ҳисобидан қопланади.
Вилоят ҳокими мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, фермер хўжаликларида замонавий технологияларни жорий этиш, айниқса, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш йўналишини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, соҳада илмий ёндашув ва инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.


Мутахассислар фикрича, биогаз қурилмасининг ишга туширилиши “Султон” фермер хўжалигида нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки экологик юкламани камайтириш, чиқиндиларни зарарсизлантириш ва “яшил энергия” манбаларини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири