Чиқинди ташлаш қоидасини бузгани учун жаримага тортилди
Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган экологик назорат тадбирлари натижасида вилоят бўйлаб 1 478 нафар фуқаро томонидан маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатлари аниқланди.
Бошқарма матбуот хизмати маълумотида қайд этилишича, ушбу ҳуқуқбузарликлар юзасидан фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жами 701 миллион 378 минг 500 сўм миқдорида жарималар қўлланилган.

Экологик назорат тадбирлари давомида аҳолининг чиқиндиларни тўғри йўқ қилиш ва қайта ишлаш борасидаги билим ва маданиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадда вилоят бўйлаб жамоатчилик иштирокида “Тозалик — соғлом муҳит”, “Яшил макон — пок атроф” каби тарғибот акциялари, учрашув ва суҳбатлар ўтказилмоқда.

Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби рейдлар келгусида ҳам мунтазам давом эттирилади. Чунки чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш нафақат атроф-муҳитга, балки аҳоли соғлиғига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин.

Экология бошқармаси фуқароларни табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга, чиқиндиларни белгиланган манзилларга ташлаш ва экологик тозаликни таъминлашга чорламоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири