Чинозда етиштирилган илк органик пахта жаҳон бозорига чиқиш сертификатига эга бўлди
Тошкент вилоятидаги “Textile technologies group” корхонасига қарашли Чиноз пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери майдонида илк бор органик пахта етиштирилди.
Тошкент вилоятидаги “Textile technologies group” корхонасига қарашли Чиноз пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери майдонида илк бор органик пахта етиштирилди.
– Органик пахтани етиштириш жаҳон бўйича кенг тарқалган, – деди Чиноз пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери мутахассиси Турсунбой Комилов. – Албатта, биз учун бу иш янгилик. ЎзФА олимлари ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида бу йил шу ишга қўл урилди. Чиноз туманининг 217 гектар майдонида илк бор органик пахта етиштирилди. Органик пахта парвариши учун кимёвий ва минерал ўғитлар эмас, аксинча, биомаҳсулотлар ишлатилди. Натижа яхши бўлди. Ҳар бир гектардан 30 центнердан ҳосил олинмоқда. Ҳатто органик пахта чигитидан экологик тоза ёғ олиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Энг муҳими, биз етиштирган органик пахта халқаро экологик талабларга тўлиқ жавоб бериши тўғрисида сертификатга эга бўлди. Бунинг натижасида маҳсулотни жаҳон ва Европа бозорига экспорт қилиш имкони пайдо бўлди.
Етиштирилган органик пахтанинг сифат даражасини аниқлаш мақсадида Болгариядан юртимизга келган “Control union” ташкилоти инспектор-аудитори Екатерина Томева маҳсулотга юқори баҳо берган. Унинг фикрича, маҳсулотдан нафақат олий навли тола, балки чигитидан экологик тоза пахта ёғи олиш мумкин. Маҳсулот жаҳон ва Европа бозорида сифати бўйича бозордаги нархи бир ярим баробар қўшимча қийматга эга.
“Ўзтўқимачиликсаноат“ уюшмаси ва мазкур корхона ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун уюштирилган пресс-тур жараёнида бу каби ютуқлар ҳақида маълумот берди
Журналистларга маълум қилинишича, келгуси йил 1150 гектар ерда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш кўзда тутилган. Шундан 600 гектарида органик пахта, қолган майдонида эса органик буғдой етиштириш режалаштирилмоқда.
Журналистлар “Textile technologies group” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасида ҳам бўлди.
Корхонада иш қизғин. Беш юз нафар ишчи-ходимдан иборат жамоанинг аксариятини ёшлар ташкил этади.
Ушбу “Тextil Technologies Group” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, у 2013 йилдан бошлаб ўз ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Асосий фаолияти калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонанинг йиллик қуввати 5400 тоннани ташкил этади. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Хитой, Туркия, Эрон, Корея давлатларига, шунингдек, Россия, Беларусь ва Қирғизистонга экспорт қилинади.
– Давлатимиз томонидан тўқимачилик саноатини ривожлантиришда кластер фаолиятини кенг жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда, – деди мазкур корхона директори Дилшод Тожибоев. – Шундан келиб чиқиб, биз учун Тошкент вилояти Чиноз туманида кластер асосида пахта хомашёсини етиштириш мақсадида 7 минг гектар ер майдон ажратилди. Ушбу ер майдонидан 5 минг 700 гектарда Чиноз фермер хўжаликлари билан тузилган шартнома асосида ва 1 минг 300 гектарда кластер асосида пахта ҳосили етиштирилмоқда.
Таъкидлаш керакки, корхона жамоасининг келгуси режалари янада улкан. Масалан, корхонанинг фаолиятини такомиллаштириш учун 11та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунда пахтани етиштиришдан то тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш технологияларни жорий этиш режалаштирилган.