Ғани Тошиев ва Соли Валиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳудудма-ҳудуд юриб, чинни буюмлар сотиб тирикчилик қилар эди. Бундан ташқари, аҳолидан қора ва рангли металларни йиғиб олиб уларни қабул қилиш пунктларига топшириш орқали даромад топарди.
Шундай кезларда улар ўз ижара уйига етиб олгунча баъзан йўл четида ижарага олинган автомашинада ҳам тунаб қоларди.
Сурхондарё вилоятидаги туманларни айланиб юриш вақтида Соли Валиев бошқарувидаги “нексия” автомашинасида Бойсун туманидан қайтаётган шериклар Олтинсой туманида йўл четида автомашинада тунашга чоғланади. Ўша атрофдаги ғишт ишлаб чиқариш ускунаси қаровсиз турганлиги, ускунада электродвигатель борлигини кўриб, ушбу двигателни ўғирлаб металлаломга топшириш фикри туғилади. Улар бирга ускунадан электродвигателни ечиб олиб, Шўрчи туманидаги эҳтиёт қисмлар сотиладиган бозорга олиб боради. Тонг отганидан сўнг двигателни сотмоқчи бўлишади, аммо харидор ва сотувчи нархни келиша олмай, “савдоси пишмаган” ўғрилар двигателни ўзлари ижарада яшайдиган Денов туманидаги уйга олиб бориб қўяди.
Уларнинг бу қинғирликлари ускуна эгаси томонидан ўрнатилган камерага тушиб қолгани сабабли, айбдорларни топиш унчалик ҳам қийин бўлмади. Мазкур иш юзасидан ИИБ ходимлари барча чора-тадбирларни кўриб, айбдорларни излаб келади. Улар сотилмаган двигателни эгасига қайтариб беради. Аммо жиноят жазосиз қолмайди.
Мазкур иш Сурхондарё вилояти Олтинсой туман суди, очиқ суд мажлисида, судья И.Абраев раислигида кўриб чиқилди. Уларга нисбатан жазо тайинланди.
Ғани Тошиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Мазкур банд билан иш ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Соли Валиевга ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан иш ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилди.
Ҳар бир ишнинг сабаб ва оқибатлари бор. Ҳалол йўл билан кун кечириб, рўзғор тебратиш яхши, албатта. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, баъзан тирикчилик қилиш дардида атрофидаги инсонларга зарар етказадиган, одамларнинг ишончини йўққа чиқарадиганлар ҳам бор орамизда.
Б.Мелиқулова, ЎзА