Чингиз Айтматовнинг сўнгги иқрорлари
Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 13 августда эълон қилинган)
Ч.Айтматов: – Энди мафкуравий демогогия пардасини юлиб ташлаш вақти келди, аммо яна монологизм ҳукмронлигини ўрнатиш ва гўёки бизга кўп йўқотишлар олиб келган муросасозлик манфаатларини ифодаловчи суҳбат маданиятини инкор этиш кўзга ташланмоқда. Монологизм – бу зўравонлик позициясининг ҳаракатдаги шаклиСовуқ уруш даврида монологизм бутунлай ҳукмрон бўлган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам муроса – бу ақлнинг олий сифати, чунки у суҳбат жараёнида иккала томоннинг манфаатлари бирдай ҳисобга олинганда, яъни, агар ўзимдан келиб чиқсам – мен сизнинг манфаатларингизни ўзимники деб билганимда ва ич-ичимдан ҳаётдаги умумий манфаатларимиз учун айнан шундай қилиш зарур, деб рози бўлганимдагина юз бериши мумкин. Шу ўринда, Будданинг: “Мағлуб ҳамиша қасос ҳисси ва қайта ўйинга кириш учун ташналикни кўнглига тугиб юради, ғолиб масаланинг шу томонига оқилона назар солиб, шундай муносабатда бўлиши, атмосфера ҳосил қилиши керакки, токи мағлуб киши кўнгилдан чиқмайдиган қасос ҳиссини туймасин...”, деган таълимотини эслатиб ўтиш ўринли кўринади. Шунга кўра, агар оддий суҳбатга қайтсак, томонларнинг асосий маҳорати тинглаш қобилияти ва суҳбатдош билан оқилона келишувни ўз ичига олади. Мен дунёда янги тарихий суҳбатнинг тантанаси даврида яшаётганимдан хурсандман. Бу бизнинг умумий бахтимиз. Ахир, инсониятнинг яқин тарихий ўтмишига назар ташлаш умуман қийин эмас – варварликка (ривожланиш босқичи сифатида) айнан суҳбат маданияти бегона бўлганини, наҳотки, унутиб бўлса. Буйруқ бериш ва жазодан қўрқиш туфайли итоаткорлик даражасида бир киши кўпчиликни бошқарган пайтда, суҳбат ҳукмронликнинг ягона шакли – куч билан тўлиқ устунликни назарда тутган варварларча фикрлашга бутунлай зид эди. Чунки суҳбат – бу дунёнинг ички кенглигини ўрганиш. Суҳбат – бу фикрлаш ва дунёни қабул қилишга мослашиш. Лао-цзи бежиз айтмаган бўлса керак: бола туғилганида юмшоқ ва майин бўлади (яъни, ўйлашимча, у атроф-олам билан суҳбатга киришишга тайёр), кекса одам ўлганида эса қаттиқ ва ҳаракатсиз бўлади (бошқача айтганда, ўлаётган қария тушунчанинг кенг маъносида суҳбатлашиш қобилиятини йўқотади). Қадимги донишмандлар бизга бу борада кўплаб таълимотлар қолдиришган.Аммо, билганингиздек, сиёсатда сўз – асил мақсадни яширишнинг йўли. Хўш, сиёсатчиларнинг ўзаро ёки сиёсатчининг “халқ оммаси” билан учрашувини суҳбат деб ҳисоблаш мумкинми?
Икэда: – Ўзаро тушунишнинг зарурий шарти сифатида ишончни таъкидлашингиз тўғри. Шунингдек, авваламбор сиёсатда, менинг маслагимда, бугун аввалгига қараганда бутунлай бошқача роль ўйнаш: халқларни ажратиш эмас, балки бир бутун инсониятга бирлаштиришга даъват этилади.Чингисхон билан гурунг Икэда: – Гёте бир пайтлар шундай деган: “Мактуб – бу тилни суиистеъмол қилиш, ўзи ҳақида ўқиш эса – ачинарли сохта нутқ”.Оғзаки нутқнинг ҳаётбахшлиги ҳақидаги бу фикр, фольклорнинг халқ ижоди асралган омбор экани, миллий анъаналарни шакллантираётганидан яна бир бор далолат беради. Сизнинг кўп асарларингиз миллий урф-одатлар ва афсонавий мавзулар билан суғорилган. Айтингчи, фольклор анъаналари сизнинг ижодий тасаввурингиз ва адабий услубингизга қандай таъсирини ўтказади?
Ч.Айтматов: – Чет элдагиларнинг аксариятига, ўз она тилида суҳбатлашиб, юрагининг чигилини ёзиш учун даъфатан тупроқдошини учратиб қолишдай кучли истак таниш бўлса керак.Хўш, бунда бадиий ижод билан қандай ўхшашлик кўраман? Аввало – ва бу менга ҳал қилувчи бўлиб туйилади – реал воқеликни тасвирлаётган замонавий ёзувчининг қонмаган чанқоғи, аллақачон унутилиб кетган ниманингдир таъми ва ҳидини ҳис этади, аммо хотира генлари ва аждодлар тилида яшаётган хоҳ манасчи бўлсин, хоҳ ўланчи, бахши, қўбизчи, рапсодия ёки ашуг айтувчи бўлсин, ўзларининг илҳомли ҳайқириқларида (ўша пайтда шеърий сўз умуман мусиқадан ташқарида бўлмаган) халқнинг қалбини, унинг дунёқараши, табиат билан табиий бирлашиш-уйғунлик туйғусини ич-ичидан шунчалик ҳайратланарли тарзда етказиб берганки, мен инсон коиноти, Борлиқ кенглигида фақат руҳан ва шунга мувофиқ жисмонан собитлиги шарофати билангина уни туғдирган унсурлар: Осмон, Ер, Олов ва уфқ ортида яширинган Номаълумлик олдида эгилмайди, деб айтган бўлардим. Шундай лаҳзалар келадики, биз ҳаммамиз бу дунё ичра ўз кўнглимизда мусофир ва дарбадар бўламиз. Кўнгил қандайдир сирли бўшлиққа кўр-кўрона талпинади. Агар янги гапни қуршаб олган ўлик ғала-ғовурлар орасидан, кекса ёки ёшнинг тилидаги сўзни, – чарчоқ руҳни яшнатувчи тирик сўзни эшитмасангиз, яшашда давом этиш мумкин эмасдай.
(Давоми бор)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси